Қозоғистонда 124 млрд долларлик инвестициялар ортида қандай лойиҳалар турибди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон сўнгги бир неча ўн йилликдаги энг йирик инвестициявий даврлардан бирига қадам қўймоқда. Тенгиз конини кенгайтириш лойиҳаси якунланганидан сўнг мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлайдиган янги йирик лойиҳаларга устувор аҳамият берила бошланди.

алюминий нархи
Коллаж: Kazinform/СИ

Tradereport Telegram-канали ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир Қозоғистонда ҳар бирининг қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 13 та мегалойиҳа эълон қилинган. Уларнинг умумий қиймати 124 миллиард доллардан ошади.

Бироқ лойиҳанинг эълон қилиниши унинг дарҳол амалга оширилишини англатмайди. Миллиардлаб долларлик ташаббусларни ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва қурилиш ишларини бошлаш учун бир неча йил керак бўлиши мумкин. Шунинг учун рўйхатдаги лойиҳаларнинг айримлари ҳали ҳам музокаралар, лойиҳалаш ёки геологик қидирув босқичида турибди.

Ҳозирча энг қиммат лойиҳа қоғозда

Манғистау вилоятида қурилиши режалаштирилаётган Hyrasia One мажмуасининг қиймати 40-50 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу - ҳозирги вақтда Қозоғистонда эълон қилинган мегалойиҳалар орасидаги энг қиммат лойиҳадир.

Лойиҳани Германия-Швециянинг Svevind компанияси ишлаб чиқмоқда. Компания 2023 йилдан буён Норвегия давлат компанияси Statkraft таркибига киради. Hyrasia One лойиҳаси ҳақидаги режалар илк бор 2021 йилда эълон қилинган эди. Бироқ шундан бери уни амалга ошириш муддатлари бир неча бор кечиктирилди.

Ҳозирда дастлабки лойиҳалаш босқичи якунланган. Якуний инвестициявий қарор 2026 йилда қабул қилиниши кутилмоқда. Аниқ қурилиш ишлари эса ҳали бошланмаган.

Қозоғистондаги биринчи АЭС

Улкен қишлоғи яқинида қуриладиган «Балқаш» атом электр станцияси қиймати 16,4 миллиард доллар бўлиши режалаштирилган. Лойиҳанинг бош пудратчиси — Россиянинг «Росатом» компанияси.

АЭС
Фото: Adobe stock

Лойиҳа қийматининг асосий қисми Россия томонидан тақдим этиладиган кредит ҳисобидан молиялаштирилади, қолган харажатларни эса Қозоғистон ҳукумати қоплайди.

Улкен қишлоғида муҳандислик-қидирув ишлари 2025 йил август ойида бошланган. Асосий қурилиш ишларини 2027 йилда бошлаш, атом электр станциясини эса 2035-2036 йилларда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Хитой инвесторлари алюминий ишлаб чиқаришга маблағ киритмоқчи

Қозоғистонда алюминий хомашёсини қайта ишлашга қаратилган Хитой капитали иштирокидаги иккита йирик лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Улардан бири — Xinfa гуруҳи Павлодар вилоятида амалга оширишни режалаштираётган 15 миллиард долларлик глинозем-алюминий кластери. Бу - қурилиши ҳали бошланмаган лойиҳалар орасидаги энг қимматларидан биридир.

ЕО алюминий ломы экспортына 30% баж салығын енгізуді ұсынады
Фото: Азертадж

Хитойнинг East Hope компанияси эса Қостанай ва Ақтўбе вилоятларида 12,6 миллиард долларлик лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (ЮНКТАД) уни 2025 йилда ривожланаётган Осиё мамлакатларида эълон қилинган энг йирик янги инвестиция лойиҳаларидан бири сифатида қайд этган.

Ҳозирда ҳар икки лойиҳа бўйича ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шу сабабли қурилишни бошлаш муддатлари ҳозирча дастлабки тарзда белгиланган ва ўзгариши мумкин.

Маълумотлар марказидан газ-кимё ишлаб чиқаришигача

Экибастуз яқинида қиймати 10 миллиард долларгача бўлган «Маълумотлар марказлари водийси» қурилиши бошланди. Лойиҳада америкалик Firebird стартапи, NVIDIA ва Қозоғистоннинг «Қазақтелеком» компанияси ҳамкор сифатида иштирок этмоқда. Объектни тижорат мақсадида фойдаланишга топшириш 2027 йилга режалаштирилган.

Новый цех Qarmet будет выпускать 240 тысяч тонн продукции в год
Фото: Qarmet

Мамлакатнинг ғарбий қисмида Geo Jade Petroleum компанияси Қозоғистон томони билан ҳамкорликда Сузоқдаги ноанъанавий газ конини ўрганмоқда. Лойиҳа қиймати 7,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бироқ ҳозирча у меморандум ва дастлабки тадқиқот босқичида турибди.

Қурилиши амалда бошланган лойиҳалар қаторида Атирау вилоятидаги «Силлено» газ-кимё заводи ҳам бор. Корхонани 2029 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Темиртаудаги Qarmet комбинатини модернизация қилишга 3,5 миллиард доллар йўналтирилади. Модернизация ишларини 2028 йилга қадар якунлаш режалаштирилган.

Эълон қилинган лойиҳаларнинг барчаси амалга ошадими?

124 миллиард долларлик инвестиция портфели кўлами жиҳатидан катта кўринса-да, қайд этилган лойиҳаларнинг амалга ошиш даражаси турлича. Айрим объектларда қурилиш ишлари бошланган бўлса, баъзилари ҳали лойиҳалаш, музокаралар ёки тадқиқот босқичида.

ЮНКТАД ҳисоботида қайд этилган 13 та лойиҳа орасидан фақат East Hope ташаббуси Қозоғистон иқтисодиётидаги йилнинг муҳим инвестиция лойиҳаларидан бири сифатида алоҳида кўрсатилган. Қолган лойиҳалар ҳозирча глобал статистикада акс этмаган бўлса-да, уларнинг умумий қиймати мамлакатдаги инвестициявий фаоллик кўламини кўрсатиб турибди.

Шу билан бирга, йирик лойиҳаларнинг амалга ошириш муддатлари кечиктирилиши, дастлабки қиймати ва ишлаб чиқариш қуввати ўзгариши ёки айрим ташаббуслар умуман бошқа шаклда амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун 124 миллиард долларни Қозоғистон иқтисодиётига киритилган инвестиция сифатида эмас, балки ҳозирги вақтда эълон қилинган мегалойиҳаларнинг умумий қиймати сифатида қараш лозим.

Шунга қарамай, энергетикадан металлургияга, газ-кимё ишлаб чиқаришидан рақамли инфратузилмагача бўлган ушбу ташаббуслар амалга ошса, келгуси йилларда Қозоғистон иқтисодиёти таркибига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.