Қозоғистонда 1 млн фуқарога сунъий интеллект асослари ўқитилади

ASTANА. Кazinform – 5 йил ичида 1 млн фуқарога сунъий интеллект асосларини ўқитиш режалаштирилган. Мамлакатнинг 20 та олий таълим муассасасида тегишли таълим дастурлари жорий этилган. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

СИ
Фото: Anadolu

Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг “Қозоғистон сунъий интеллект даврида: долзарб муаммолар ва уларни фундаментал рақамли трансформациялар орқали ҳал қилиш” номли Қозоғистон халқига Мурожаатномасида берилган топшириқларни амалга ошириш доирасида Ҳукумат иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўладиган рақамли технологияларни жорий этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

У Бош вазир бошчилигида махсус яратилган Рақамли штаб томонидан мувофиқлаштирилади. Бугунги кунда давлат хизматларини рақамлаштириш, IТ-саноат, сунъий интеллект, ҳудудларни интернет тармоғи билан таъминлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда изчил тараққиёт кузатилмоқда.

Сунъий интеллект: стратегиядан амалга оширишгача

Давлат раҳбари топшириғига кўра, Ҳукумат томонидан сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, тегишли қонунчилик базасини яратишга эътибор қаратилмоқда. Сенатда технологияларни хавфсиз ва самарали ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган “Сунъий интеллект тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Жорий йилнинг октябрь ойидаги муҳим воқеа — ғоялар ва инновациялар фабрикасига айланиш учун мўлжалланган халқаро Alem.AI СИ марказининг очилиши бўлди. У ерда турли халқаро компаниялар намойиш этилади. Alem.AI СИ соҳасидаги илмий тадқиқотлар, стартаплар ва халқаро ҳамкорлик учун асосий платформага айланиши керак. Марказ фаолияти технологик ва иқтисодий ўсишга туртки бўладиган рақамлаштириш соҳасидаги Қозоғистон ечимлари экспортини кенгайтиришни таъминлайди. Келажакда Қозоғистон Марказий Осиёнинг интеллектуал хабига айланиши лозим.

Бундан ташқари, 5 йил давомида 1 млн фуқарога сунъий интеллект асосларини ўқитиш режалаштирилган. Мамлакатнинг 20 та олий таълим муассасасида тегишли таълим дастурлари жорий этилган.

Миллий суперкомпьютер ва СИ платформаси

Жорий йилда Қозоғистонда Миллий суперкомпьютер маркази – Alem.cloud ишга туширилди. Унинг имкониятлари давлат идоралари, илмий муассасалар, университетлар, бизнес ва стартаплар учун мавжуд.

Суперкомпьютер давлат хизматларида қўлланиладиган сунъий интеллект моделларини, жумладан, катта тил моделларини ўргатиш, сунъий интеллект агентларини ишлаб чиқиш, маълумотларни таҳлил қилиш, контент яратиш ва вазифаларни моделлаштиришда қўлланилади.

Шунингдек, Давлат раҳбарининг фармойиши билан Бош вазир бошчилигида Рақамли штаб ташкил этилди. 200 дан ортиқ компонентлар бўйича ахборот тизимларини интеграциялашга оид комплекс режа тасдиқланди, бу эса меҳнат харажатларини камайтириш, такрорий ҳолатларга барҳам бериш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш имконини беради.

Маълумотларни ҳимоя қилиш учун барча давлат органлари Қозоғистоннинг Aitu мессенжерига ўтказилмоқда. Фуқароларга eGov, eOtinish, Aitu ва бошқа кўплаб хизматлардан, ҳатто мобил алоқа баланси нолга тенг бўлган тақдирда ҳам бепул фойдаланиш мумкин.

IТ секторининг ўсиши ва стартапларни қўллаб-қувватлаш

Маҳаллий компаниялар томонидан кўрсатилган IТ-хизматлар ҳажми 2021 йилдаги 646 млрд тенгедан 2024 йилда 1,74 трлн тенгега ўсди. IТ-хизматлар экспорти 2021 йилдаги 60,07 млн доллардан 2024 йилда 690,7 млн долларга кўтарилди. 2025 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 515,5 млн долларни ташкил этди.

Astana Hub платформасида стартаплар ва IТ-компанияларни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш давом этмоқда. Бугунги кунда Astana Hub экотизимида 1832 та компания, жумладан, 465 та хорижий компания жамланган. 2025 йилнинг биринчи ярмида иштирокчиларнинг даромади 368,3 млрд тенгени ташкил этди.

Қозоғистон InDrive, Netcracker, Playrix, Telegram каби технология гигантлари ва бошқа кўплаб компаниялар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Давлат хизматларининг онлайн формати

Давлат хизматларини электрон форматга ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунги кунда давлат хизматларининг 90,4 фоизи онлайн режимда, 1448 та хизматнинг мутлақ кўпчилигини интернет орқали олиш мумкин.

Хизматларнинг 90,6 фоизи смартфонларда мавжуд ва бу жараён фуқаролар учун имкон қадар қулай бўлди. Рақамли ҳужжатларнинг 39 тури жорий этилди, улар ҳужжатларнинг қоғоз аналогларини тўлиқ алмаштирди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда таълим ва спорт соҳасида янги сунъий интеллект лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар