Қозоғистон ЖСТга аъзо мамлакатларнинг иккита ташаббусида иштирок этишга тайёр
Доимий вакил Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо давлатларнинг иккита қўшма баёноти ва ташаббусларига - COVID-19 пандемиясига қарши кураш (Савдо ва соғлиқни сақлаш) ҳамда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан инсонпарварлик мақсадларида сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотларига экспорт чекловларини бекор қилиш тадбирларига қўшилишга тайёрлигини таъкидлади.
Пандемияни бартараф этишга ҳисса қўшиш Жаҳон Савдо Ташкилоти вазирларининг 12-конференциясининг устувор масаласидир. Шу муносабат билан Қозоғистон келгуси учрашувда аниқ қарорлар қабул қилиш учун унинг кейинги муҳокамасига катта аҳамият беради.
Жаҳон савдо ташкилотининг ушбу баёнотлари пандемияга қарши курашиш учун зарур бўлган дори-дармонлар ва товарлар савдосидаги кераксиз савдо тўсиқларни бартараф этишга, шунингдек, БМТ томонидан тақдим этилаётган муҳим инсонпарварлик маҳсулотларини унинг оқибатларидан энг кўп зарар кўрган мамлакатларга етказиб беришни осонлаштиришга қаратилган.
Ҳозирда COVID-19 пандемиясига қарши кураш ташаббуси ЖСТга аъзо 25 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Жаҳон савдо ташкилотининг 54 аъзоси БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан сотиб олинган маҳсулотларга экспорт бўйича чекловларни бекор қилиш тўғрисидаги баёнотга қўшилди. Шу билан бирга, ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватловчи мамлакатлар сони муттасил ўсиб бормоқда.