Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Ўрта коридор, Боку билан алоқалар, яшил энергия ва Starlink
ASTANА. Кazinform — Август ойи ўрталарида Қозоғистон узоқ ва яқин давлатлар билан турли масалаларни муҳокама қилди. Жаҳон ОАВлари Нидерландия томони Ўрта коридорга эътибор қаратаётгани, Астана ва Боку ҳамкорликни кучайтиргани, Марказий Осиё яшил энергия лойиҳаларига устувор аҳамият бераётгани, Starlink интернет хизмати Қозоғистонга расман етиб келгани ҳақида хабар берди. Батафсил Кazinform агентлиги шарҳида ўқинг.

Тrend: Қозоғистон ва Нидерландия ўртасидаги ҳамкорлик яшил иқтисодиёт ва Ўрта коридор интеграциясига ҳисса қўшади
Томонлар қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва яшил иқтисодиётни ўз ичига олувчи янги ҳамкорлик форматини шакллантирмоқда. Ўрта коридорга қизиқиш ортиши ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш фонида томонлар Европа ва Осиё ўртасидаги савдо ва сармоя оқими балансини ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда Озарбайжонybyu Тrend агентлигига эксклюзив интервью берган Clingendael институти тадқиқотчиси Жулиа Крэтти айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Нидерландия ўртасидаги ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва яшил иқтисодиёт соҳаларида кенгаймоқда.
Нидерландия бир неча йиллардан бери Қозоғистондаги энг йирик сармоядор ҳисобланади. Бу мамлакатдан киритилган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг умумий ҳажми 67 миллиард долларга етди. Қишлоқ хўжалиги Қозоғистон-Нидерландия ҳамкорлигида асосий ўринлардан бирини эгаллайди, аҳамияти бўйича энергиядан кейин иккинчи ўринда туради.
"Қозоғистон улкан қишлоқ хўжалиги ерлари ва ресурсларига эга, Нидерландия эга барқарор қишлоқ хўжалиги, иссиқхона технологиялари ва уруғчилик соҳаларида технологик етакчи сифатида тан олинган. Бу Ниерландияни билим алмашиш, қўшма лойиҳалар ва қишлоқ хўжалиги экинларининг барқарорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш учун инновацион ечимлардан фойдаланишда табиий ҳамкорга айлантиради ", — деди Жулиа Крэтти.
Расмий статистик маълумотлар Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги барқарор ривожланаётганидан далолат беради. 2025 йилнинг январь-июнь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажми 3,4 миллиард долларни ташкил этиб, реал ҳажм индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,7 фоизга етди.
Бироқ иқтисодий алоқаларни кенгайтириш кўп жиҳатдан транспорт инфратузилмасини, айниқса, Хитойни Европа билан Марказий Осиё ва Кавказ орқали боғловчи асосий трансконтинентал йўл бўлмиш Ўрта коридор бўйлаб яхшиланишига боғлиқ. Ушбу йўналиш Шимолий ва Жанубий йўлакларга стратегик муқобил бўлиб, минтақавий алоқаларни оширади ва савдони диверсификация қилади. 2024 йилда Ўрта коридор орқали ташилган юк ҳажми 69 фоизга ошиб, 2,9 миллион тоннани ташкил этди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич йилига 10 миллион тоннагача ошиши кутилмоқда.
Крэттининг сўзларига кўра, йўлак салоҳиятини рўёбга чиқариш учун инфратузилма тўсиқларини енгиб ўтиш ва қулай сармоявий муҳит яратиш зарур.
Ўрта коридор бир қанча суверен давлатлар – Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия ҳудудидан ўтади. Бу эса транзит йўлининг геосиёсий жиҳатдан мураккаб эканидан далолат беради ва санкцияларга дучор бўлмайдиган эркин транспорт йўналишини яратиш осон эмас. Барқарор ва самарали йўлак Нидерландияда ишлаб чиқаришни кўпайтириши ва Қозоғистон ҳудудларида яшил энергияга сармояларни жалб қилишга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин.
Аnadolu: Астана ва Боку стратегик ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазири телефон орқали гаплашди. Мурат Нуртилеу ва Жейҳун Байрамов икки давлат стратегик шерикликни ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқлади. Бу ҳақда Туркиянинг Аnadolu агентлиги хабар берди.
Суҳбат давомида томонлар барча соҳаларни муҳокама қилдилар. Мурат Нуртилеу Жейҳун Байрамовни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси тўғрисидаги декларация имзолангани билан табриклаб, бу тарихий қадам минтақада тинчлик ва барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, ҳамкорлик учун янги имкониятлар очишига умид билдирди.
Шу нуқтаи назардан, томонлар минтақавий коммуникацияларни қайта очиш бўйича келишувлар доирасида савдо, логистика ва транспорт соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболдаги режаларини муҳокама қилдилар, юқори даражадаги тадбирлар жадвалига алоҳида эътибор қаратдилар, суҳбат чоғида кўтарилган масалалар юзасидан доимий алоқада бўлишга келишиб олдилар.
Report: Қозоғистон ва Ўзбекистон яшил энергия коридорининг ҳолатини муҳокама қилди
Икки давлат “Озарбайжон – Марказий Осиё” яшил энергия коридорининг ҳолатини муҳокама қилди. Report агентлигининг хабар беришича, бу масала ҚР Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчиси Бахтиёр Ибрагимовнинг учрашувида муҳокама қилинган.
"Каспий денгизи орқали Озарбайжон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Яшил энергия коридори" лойиҳасининг мақоми кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳани амалга оширишнинг аниқ босқичи сифатида 2025 йил 1 июльда Yaşıl Dəhliz Birliyi қўшма корхонаси ташкил этилди", — дейилади вазирлик хабарида.
Томонлар, шунингдек, икки томонлама “йўл хариталари”ни амалга ошириш бўйича ўз позицияларига аниқлик киритиб, қўшма лойиҳаларнинг боришини муҳокама қилдилар. Минтақавий энергетика соҳасидаги лойиҳалар, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон стратегик шериклар бўлган Қамбар ота ГЭС-1 қурилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари барча қўшма энергетика ташаббусларини жадал ривожлантириш учун тегишли тармоқ идоралари ўртасида фаол мулоқотни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини қайд этдилар. Шунингдек, нефть-газ соҳасида юқори даражадаги ҳамкорлик ва газ ташиш тизимлари барқарор ишлаши қайд этилди. Хусусан, 2025 йилнинг етти ойи давомида Ўзбекистон ҳудуди орқали Қозоғистон газининг транзити 921,7 миллион куб метрни ташкил этди. 2026 йилга бориб, Россия газини етказишнинг потенциал ҳажми 11 миллиард куб метрга етиши мумкин.
ЎзА: Starlink Қозоғистонда расман ишга туширилди
2025 йил 13 августдан бошлаб Starlink сунъий йўлдош Интернет хизматлари Қозоғистон аҳолиси учун мавжуд бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги матбуот хизматига таяниб, Ўзбекистоннинг ЎзА агентлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Интернетга уланиш SpaceX компаниясига тегишли паст орбитали Starlink сунъий йўлдошлари орқали таъминланади. Ушбу технология ҳатто мамлакатнинг энг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида ҳам барқарор ва юқори тезликдаги Интернетга уланиш имконини беради.
"Бир йил давомида биз Starlink билан давлат органлари ва назорат қилувчи органлар позицияларини яқинлаштириш бўйича музокаралар олиб бордик. Бугун Starlink Қозоғистонни иштирок харитасига расман киритди", - деди Рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.
Аввалроқ, 12 июнь куни вазирлик ва Starlink ўртасида шартнома имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, провайдер Қозоғистон қонунчилигига риоя қилиш мажбуриятини олади.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур хизматнинг ишга туширилиши мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги “рақамли тафовут”ни бартараф этиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.