Қозоғистон жаҳон ОАВларида: нефть транзити, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик, динлараро мулоқот ва АЭС

ASTANА. Кazinform – Сентябрь ойи ўрталарида жаҳон оммавий ахборот воситалари Қозоғистон билан боғлиқ бир қанча муҳим мавзуларни ёритди. Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури орқали нефть экспортини қайта тиклаш, Озарбайжон билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик, Астанада бўлиб ўтган Жаҳон динлари съезди якунлари, Қозоғистонда АЭС қуриш лойиҳасини халқаро қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир. Батафсил Кazinform агентлиги шарҳида ўқинг.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида
Коллаж: Kazinform/ Freepik / Canva

Тrend: Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури орқали нефтни ташиш қайта тикланди

Қозоғистоннинг “ҚазМунайГаз” миллий компанияси Боку-Тбилиси-Жайҳон (БТЖ) нефть қувури орқали экспортни қайта тиклади. Бу ҳақда Тrend агентлиги хабар берди.

Компания матбуот хизмати хабарига кўра, 13 сентябрь куни 8,8 минг тонна Қашаған нефти Ақтау портидан БТЖга жўнатилди. Кейинги жўнатма 20 сентябрга режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йўналиш бўйлаб етказиб бериш август ойида вақтинча тўхтатилган эди. 2025 йилнинг 8 ойида Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналиши бўйича 0,9 миллион тонна нефть транзит қилинди.

2022 йилда “ҚазМунайГаз” ва Озарбайжон давлат нефть компанияси SOCAR ўртасида Қозоғистон нефтининг транзити бўйича шартнома имзоланган эди. 2024 йилда томонлар Озарбайжон ҳудуди орқали транзитни босқичма-босқич оширишга келишиб олдилар.

Аnadolu: Қозоғистон барча даражадаги динлараро ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлайди

Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII съезди “Астана тинчлик декларацияси – 2025” ҳужжатининг қабул қилиниши билан якунланди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ёпилиш маросимидаги нутқида Қозоғистон динларлараро ва маданиятлараро мулоқотни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда съезднинг глобал мулоқот майдони сифатидаги ролини оширишга ҳисса қўшишини таъкидлади. Бу ҳақда Туркиянинг Аnadolu агентлиги хабар берди.

Давлат раҳбари ўзгаришлар даврида диний етакчилар учун инсониятга маънавий қадриятлар, инсонпарварлик йўналишини тарбиялаш жуда муҳим эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, съезднинг якуний декларациясида умумий ғоя ва тавсиялар ўз ифодасини топган.

Тоқаев тарихий хотира ва маданий хилма-хилликни сақлаш учун диний обидаларни муҳофаза қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у иқлим ўзгаришига қарши кураш ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланишда диний етакчилар овозини бирлаштириш зарурлигини қўллаб-қувватлади. Президентнинг фикрича, съезд давомида кўтарилган нейтрал ва сиёсийлаштирилмаган ягона овоз янги ва адолатли дунё тартибини яратишга муҳим ҳисса бўлиши мумкин.

ТАСС: МАГАТЭ Қозоғистонни АЭС қурилишининг барча босқичларида қўллаб-қувватлашга тайёр

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Қозоғистонни атом электр станцияси қурилишининг барча босқичларида қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги хабар берди.

МАГАТЭ Бош конференцияси доирасида Қозоғистон Атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Сатқалиев ва МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси ишчи учрашув ўтказди. Музокараларда атом энергетикасини ривожлантириш миллий дастури, АЭС қуриш режаси, саноат, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлашда инфратузилмани такомиллаштириш ва ядро технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

МАГАТЭ Қозоғистоннинг тизимли қадамларини юқори баҳолади ва лойиҳанинг барча босқичларида – участка танлашдан тортиб, объектни ишга туширишгача бўлган даврда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, уран захираларидан самарали фойдаланиш, жаҳон бозорига барқарор етказиб бериш, миллий манфаатлар ва халқаро мажбуриятларни мувофиқлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қозоғистон АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум тузганини, илмий лойиҳаларни амалга ошираётганини ва юқори даражада бойитилган ёқилғини хавфсиз сақлаш иншоотини ишга туширганини маълум қилди.

Report: Қозоғистон ва Озарбайжон жамоат хавфсизлиги бўйича тажриба алмашади

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардияси делегацияси Озарбайжонга расмий ташрифи чоғида жамоат тартибини таъминлаш тажрибаси билан танишди. Бу ҳақда Report ахборот агентлиги хабар берди.

Миллий гвардия Бош қўмондони, Ички ишлар вазири ўринбосари Ансаған Балтабеков бошчилигидаги делегация Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Ички қўшинлар қўмондонлиги билан учрашди. Томонлар жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Қозоғистон делегацияси Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги Ички қўшинлари фаолияти, уюшган жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ҳарбий қисмларнинг қурол-яроғ ва техникалари ҳам намойиш этилди.

Қозоғистон делегацияси 2014 йилдан буён офицерлар тайёрланаётган Озарбайжон Ички қўшинлари Ҳарбий институтида бўлиб, ўқув дастурлари ва тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқди.

Балтабеков икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ўз навбатида, генерал-лейтенант Шаҳин Маммадов Қозоғистон томони билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Сўнгги хабарлар