Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 27 миллиард долларга етди
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия Президенти Владимир Путин Қостанайда бўлиб ўтаётган Қозоғистон ва Россиянинг ХIХ ҳудудлараро ҳамкорлик форумида ведеоалоқа орқали иштирок этмоқда, деб хабар беради Каzinform.
“20 йил давомида ушбу платформа ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини кўрсатиб, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли стратегик шерикликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда. Умуман олганда, савдо-иқтисодий, сармоявий, саноат кооперацияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз йилдан-йилга барқарор ўсиб бораётганини кўрсатаётир. Масалан, бугунги кунда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 27 миллиард долларга етди. Бу рекорд кўрсаткич”, — деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Россиядан Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри сармоя 20 миллиард доллардан ошди. Қозоғистонда фаолият юритаётган 42 мингдан ортиқ хориж иштирокидаги корхоналарнинг деярли ярми, 19 мингтаси Россия компанияларидир.
“Биз иқтисодиётнинг барча жабҳаларида – саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилмада ҳамкорлик қиламиз. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик даражаси ошиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Яқинда Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзитини йўлга қўйиш муҳим воқеа бўлди. Бу лойиҳа Марказий Осиёда минтақавий барқарорлик ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.