Қозоғистон ва Россия савдо ва инвестициялар ҳажмини оширишда давом этишлари керак - Президент
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбарлари Орал шаҳрида видеоконференция орқали бўлиб ўтаётган ХХI Қозоғистон-Россия ҳудудлараро форумининг пленар сессиясида иштирок этмоқдалар, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Бу йилги форум мавзуси "Ишчи касблари - иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи"
Қасим-Жомарт Тоқаев форумни икки мамлакатнинг самарали стратегик шериклигини намойиш этувчи муҳим воқеа сифатида баҳолади.
— Ушбу ноёб майдонда иқтисодий, инфратузилма ва гуманитар йўналишларда янги лойиҳалар туғилади, улар кейинчалик ҳудудий даражада босқичма-босқич амалга оширилади. Бу жуда катта аҳамиятга эга. Ахир, иқтисодий ўсиш ва саноат, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик асосан ҳудудларда шаклланади, - деди Қозоғистон Республикаси Президенти.
Шунингдек, Давлат раҳбари савдо-иқтисодий ва инвестиция интеграцияси ҳар йили барқарор равишда мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
— Россия Қозоғистоннинг энг йирик савдо ва инвестиция шериги ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 28 миллиард доллардан ошди. Уни 30 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2024 йилда Россия инвестициялари рекорд даражага — 4 миллиард долларга етди. Ҳозирга қадар, бизнинг маълумотларимизга кўра, Қозоғистонга Россия инвестицияларининг умумий ҳажми 27 миллиард доллардан ошди. Ўз навбатида, Қозоғистон Россияга қарийб тўққиз миллиард доллар сармоя киритди. Мамлакатимизда Россия капитали улушига эга 20 мингдан ортиқ компания фаолият юритади. Улар минглаб иш ўринларини яратади ва иқтисодиётимизнинг жадал ўсишига катта ҳисса қўшади. Бу юксак кўрсаткичлар ўзаро ҳамкорлик даражасининг нақадар юқори эканлигини кўрсатади. Менимча, биз шу билан тўхтаб қолмасдан, савдо ва инвестициялар ҳажмини доимий равишда оширишга интилишимиз керак, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тоқаев ва Путин кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб боргани ҳақида ёзган эдик.