Қозоғистон ва Марокаш фуқаролари ўзаро виза талабларини бекор қилди

ASTANA. Кazinform - Қозоғистон ва Марокаш виза талабларидан озод қилиш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Қозоғистон ва Марокаш фуқаролари ўзаро виза талабларини бекор қилди
Фото: Canva

БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Марокаш Қироллиги Ташқи ишлар, Африка ҳамкорлиги ва хориждаги марокашликлар вазири Носир Бурита билан икки томонлама учрашув ўтказди. Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Қозоғистон ва Марокаш фуқаролари ўзаро виза талабларини бекор қилди
Фото: ҚР ТИВ

 

“Музокаралар якуни бўйича томонлар Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Марокаш Қироллиги Ҳукумати ўртасида миллий/фуқаролик паспортлари эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги битимни имзоладилар”, — дейилади хабарда.

Ушбу Битим икки давлат фуқароларининг саёҳатларини осонлаштиришга қаратилган бўлиб, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Битимга кўра, Қозоғистон ва Марокаш фуқаролари амалдаги миллий/фуқаролик паспортлари асосида икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ва вақтинча бўлиш учун виза талабларидан озод қилинади.

Ҳар бир мамлакатда бўлиш муддати кирган пайтдан бошлаб 180 кун ичида 30 календарь кунидан ошмаслиги керак.

Сўнгги хабарлар