Қозоғистон ва Корея 19 миллиард долларлик келишувларни имзолади

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Корея Республикаси президентлари кичик таркибда музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Қазақстан мен Корея Республикасының президенттері шағын құрамда келіссөз жүргізді
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев Корея Республикасига ташриф буюришга таклиф қилгани учун Ли Чжэ Мёнга миннатдорлик билдирди.

“Корея Республикаси Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Халқларимизни азалдан мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув, яқин маданий-гуманитар алоқалар боғлаб туради. Мамлакатларимиз ўртасида фақат дўстлик қарор топган, ҳеч қандай низо йўқ. Олдимизда турган мақсад – икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш. Бугун эрталаб яхши бизнес-форум бўлиб ўтди. Мен билан бирга Кореяга катта бизнес делегацияси келди. Турли соҳаларда жуда жозибадор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Режаларимиз ҳам жуда салмоқли. Жумладан, Alatau City лойиҳасини янада ривожлантириш масаласини батафсил муҳокама қилдик. Бу - ҳақиқатан ҳам жуда зарур ва муҳим лойиҳа. Биз унга катта аҳамият берамиз. Шаҳар мақомига оид қоидаларни Конституциямизга киритдик. Қонун нуқтаи назаридан кореялик компанияларга барча кафолатлар берилади. Қозоғистонда 120 мингдан ортиқ корейс миллати вакиллари истиқомат қилади. Улар учун барча шароитлар яратилган, корейс диаспораси – жамиятимизнинг фаол аъзоларидир”, – деди Президент.

Давлат раҳбари корейс генерали Хон Бом До ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.

“Хон Бом Донг тарихи билан яхши танишман. У ҳақиқий қаҳрамон, ватанпарвар шахс. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун ўзаро оқилона иш қилганимизга асос бор, деб ҳисоблайман. Бу воқеага юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, корейс халқи ўз генералини унутмагани ҳайратланарли. Қаҳрамон хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг жасадини ватанига қайтариб, фуқаролик бурчимизни адо этдик”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент икки мамлакатнинг турли йўналишлардаги ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳолади.

“Икки томонлама муносабатларга тўхталадиган бўлсак, ташриф давомида 19 миллиард долларлик тижорат келишувлар имзоланди. Корейс инвесторларининг фаолиятидан мамнунмиз, келгусида ҳам ушбу йўналишдаги алоқаларни давом эттирамиз. Меҳмонхона, нефтни қайта ишлаш заводи қуриш ва шаҳарсозлик бўйича яхши режаларимиз бор. Айниқса, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратамиз”, – деди Давлат раҳбари.

Корея Республикаси Президенти Қозоғистон раҳбарига эҳтиром билдириб, унинг Сеулга қилган ташрифига алоҳида аҳамият беришини таъкидлади.

Президенты Казахстана и Республики Корея провели переговоры в узком составе
Фото: Акорда

“Корея тарихида алоҳида ўрин тутган ва оғир синовли даврда ўз халқига ҳимоя бўлган генерал Хон Бом Донинг жасадини қайтариш ҳақида қарор қабул қилганингиз учун миннатдорлик билдираман. Қозоқ халқи ўз вақтида депортация қилинган корейсларга бошпана берган. Шу муносабат билан Сизга ва қозоқ халқига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, – деди Ли Чжэ Мён.

Музокаралар давомида икки мамлакат тизимли алоқаларни узмаслик, бир-бирига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Корея Республикасининг стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ҳамда уни янги ва аниқ мазмун билан бойитиш ниятида эканликларини тасдиқладилар.