Қозоғистон ва Қирғизистон: тарихий қадриятлар бирлашган янги давр

ASTANA. Kazinform – “Қозоқ, қирғиз – бир туғма” деган нақлни қозоқ ва қирғиз халқи билади десак, хато қилмаймиз. Асрлар давомида мустаҳкам тарихий-маданий алоқаларга эга бўлган икки давлатнинг давлат бўлиш йўли ҳам жуда ўхшаш. 1991 йилда биргаликда мустақилликка эришиб, улар чегарадош ва бир нечта умумий ташкилотларга аъзо. Ҳозирда икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий шериклик мустаҳкам.

Қазақстан мен Қырғызстан: тарихи құндылықтар біріктірген жаңа кезең
Коллаж: Kazinform/ akorda.kz/ Canva

22 августда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон Республикасига расмий ташриф билан боради. Шу муносабат билан Kazinform агентлигининг таҳлилий шарҳловчиси икки давлат муносабатларини ҳар томонлама таҳлил қилди.

Мустақилликка эришилгандан буён муносабатларнинг ривожланиши

Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрдан бошланган. Мустақилликнинг қарийб 35 йилида икки давлат ўртасида 150 та давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро шартномалар имзоланган. Улар орасида 1997 йил 8 апрелда имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ва 2003 йил 25 декабрда ратификация қилинган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар катта аҳамиятга эга. 

Қардош мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик давлат раҳбарлари раислигидаги Олий давлатлараро кенгаш, ҳукумат раҳбарлари раислигидаги Қирғизистон-Қозоғистон ҳукуматлараро кенгаши, Қозоғистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлари кенгаши каби институционал асослар доирасида амалга оширилмоқда.

Икки давлатнинг қатор халқаро сиёсат масалалари бўйича позициялари ўхшаш. Қирғизистон ва Қозоғистон бир қанча халқаро ташкилотларга, жумладан, БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ ва ШҲТга аъзо. 

Қирғизистон Республикаси
Фото: Кabar

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари тез-тез учрашиб, музокаралар олиб бормоқда. 2021 йил март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистонга расмий ташриф билан келган ва Ақордада Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар ўтказган. Орадан бир йил ўтиб, 2022 йил май ойида Қасим-Жомарт Тоқаевнинг расмий ташрифи доирасида Бишкек шаҳрида икки давлат президентлари кичик ва кенгайтирилган таркибда аниқ келишувларни имзоладилар. Уларда сиёсий ва иқтисодий масалалардан тортиб, маданий-гуманитар соҳаларгача ёритилган. 

Шундан бери бу икки сиймо Марказий Осиё, турли қитъалар ва йирик давлатларни боғловчи ташкилотларнинг йиғилиш ва саммитларида тез-тез бирга бўлиб келяпти. 

Жорий йил 21 июлда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Бундан ташқари, ўтган йили Бишкекда икки давлат ташқи ишлар вазирлари Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолаганини эслатиб ўтиш жоиз. Ҳужжатда ўзаро инвестицияларни жалб этиш, транспорт-логистика, энергетика, сув ресурслари, рақамлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ишга тушириш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Савдо-иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши

Қозоғистон ва Қирғизистоннинг асосий муштарак манфаатларидан бири - ўзаро савдо ҳажмини оширишдир. Бу мақсад тизимли равишда амалга оширилди. Масалан, ўтган беш йилга назар ташлаймиз. 2020 йил якунига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 796,2 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2 баробардан зиёд ошиб, 1,7 миллиард долларга этади. Жорий йил январь-май ойларида эса 821,8 миллион долларни ташкил этди. Бу суръатда 2025 йил учун бу кўрсаткич 2 миллиард долларга етиши мумкинлигини тахмин қилишимиз мумкин. Шу тариқа Қозоғистон Қирғизистон учун Хитой ва Россиядан кейин учинчи йирик савдо ҳамкорига айланади.

Қырғызстан
Инфографика: Kazinform

Ўтган йили Қозоғистоннинг экспорти қарийб 1,26 миллиард долларни, Қирғизистондан импорти эса 456 миллион долларни ташкил этган. Мамлакатимиз ўз иттифоқчисига асосан олтин, минерал ва газланган ичимликлар, нефть маҳсулотлари, енгил автомобиллар, кўмир, электр энергияси, цемент экспорт қилади.

Ўз навбатида, Қирғизистон бизга нефть маҳсулотлари, қимматбаҳо металлар рудалари ва концентратлари, углеродсиз пўлат таёқчалар, пластик идишлар, эркаклар трикотаж маҳсулотлари, карбонатлар, аёллар устки кийимлари, нон ва ундан тайёрланган қандолат маҳсулотлари, қопламасиз керамик плиталар етказиб берди.

Август ойи бошида иттифоқчи давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари келгусида йиллик товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, 2026 йилда чегарада Саноат савдо-логистика мажмуасини ишга тушириш ва қўшма сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш кун тартибига қўйилди.

Умуман олганда, сўнгги 15 йил ичида Қозоғистон Қирғизистон иқтисодиётига 1,7 миллиард доллар сармоя киритди. 2024 йилнинг 9 ойида мамлакатимиз иттифоқдошига 48 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя киритди. Бу даврда Қирғизистон томони Қозоғистонга 4,8 миллион доллар капитал ўтказди. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, назорат-ўтказиш пунктлари, йўл қурилиши, туризм каби соҳаларда кўплаб ҳужжатлар имзоланган.

Сув-энергетика соҳасида ҳам қўшма лойиҳа мавжуд. Қозоғистон ва Қирғизистоннинг Шу-Талас сув хўжалиги қўшма комиссияси доимий асосда фаолият юритади. Сув ажратиш ҳажми ва объектларда таъмирлаш ишлари режасини ҳар йили тасдиқлайди. Қозоғистон Туркистон ўлкаси далаларини сув билан таъминлаш учун ҳар йили ёз мавсумида Қирғизистондан электр энергияси олиб, қишда эса қайтаради.

Шунингдек, 2024 йил июнь ойида Вена шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия ўртасида Қирғизистоннинг Норин вилоятида Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилиши бўйича келишув имзолангани ҳам этиборга молик.

Таълим ва маданият соҳасида ҳамкорлик

Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Қирғизистон ва Қозоғистонда икки давлат зиёлилари, жамоатчилик вакиллари иштирокида навбатма-навбат кўргазмалар, санъат усталарининг концертлари, халқаро илмий анжуман ва симпозиумлар ўтказиб келинади.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик Қирғизистон Республикаси ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасида 2006 йил 4 июлдаги таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида ривожланмоқда.

Битимга кўра, томонлар ҳар йили Қирғизистон ва Қозоғистон фуқароларига ҳар икки давлат олий таълим муассасаларида ўқишлари учун ўзаро асосда грантлар ажратади.

талаба
Фото: Солтан Жексенбеков/ Kazinform

2019 йилдаги маълумотларга кўра, Қозоғистон олий ўқув юртларида қирғизистонлик 1000 га яқин талаба, Қирғизистон университетларида эса 2000 га яқин қозоғистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бироқ, бу кўрсаткичлар пандемиядан кейинги даврда пасайишни бошлади. Бироқ 2024 йилда Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг хабар беришича, 2766 қозоғистонлик таҳсил олган. 

Икки давлат тарихий шахсларнинг юбилейларини тез-тез бирга нишонлайди. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистон Мухтор Ауезов таваллудининг 100 йиллиги, Қурманғозининг 175 йиллиги, Жамбилнинг 150 йиллиги, “Манас” эпосининг 1000 йиллиги, Т. Сатилғановнинг 150 йиллиги, А. Тоқомбаев ва Ш. Айтматов юбилейлари биргаликда нишонланди.

Жамоатчилик ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришда Қозоғистондаги қирғиз диаспораси ҳам ўз ролини ўйнайди. 2004 йилда Қозоғистонда Қирғиз миллий маданий маркази рўйхатга олинган. Ҳозирда ушбу марказ Астанадаги қирғиз этномаданий бирлашмаси сифатида фаолият юритмоқда. Шунингдек, Тараз шаҳридаги “Манас-Ата” қирғиз миллий-маданий маркази ва Ақтау шаҳридаги “Ала-МЧЖ”, Алматида “Мекен”, “Қирғиз-Ата” ва “Манас-Ата” қирғиз миллий этник-маданий марказлари ҳам фаолият кўрсатиб келяпти.

 

 

Сўнгги хабарлар