Қозоғистон ва Италия ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган – Президент
ASTANА. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев Сержо Маттарелланинг Қозоғистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг сўзларига кўра, ушбу ташриф Қозоғистон ва Италия ўртасидаги кўп йиллик дўстлик ва шериклик муносабатларини тасдиқлайди.
– Жаноб Президент, Сизни мартабали меҳмон сифатида кутиб олаётганимдан хурсандман. Сизнинг Қозоғистонга биринчи ташрифингиз ҳамкорлигимизда янги саҳифа очиши шубҳасиз. Қозоғистон ва Италия яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Мамлакатингизга алоҳида ҳурмат билан қараймиз. Ўзаро савдо изчил ривожланмоқда. Иқтисодий алоқаларимиз пойдевори мустаҳкамдир. Турли соҳалардаги алоқаларимиз юксак самаралар кўрсатмоқда. Давлат раҳбари сифатида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёрман, – деди Қозоғистон Президенти.
Сержо Маттарелла Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдириб, ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
– Ўтган январь ойида Римга ташрифингиздан сўнг Астанада Сиз билан учрашганимдан хурсандман. Сиз таъкидлаганингиздек, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланиб, яқин ва муваффақиятли бўлиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Университетлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини кўриб турибмиз. Дўстона муносабатингиз учун миннатдорчилик билдираман, – деди Италия Президенти.
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг асосий йўналишлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Қасим-Жомарт Тоқаев фурсатдан фойдаланиб, Италия Бош вазири Жоржа Мелонига ўзининг саломи ва эзгу тилакларини йўллади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев Италия Президентини Ақордада кутиб олган эди.