Қозоғистон ва Грузия ўртасида туризм салоҳиятини ривожлантириш муҳим – ҚР Бош вазири
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ўзаро сармоя ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, икки давлатнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, янги авиақатновлар очиш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Алихан Смаилов биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро савдо рекорд даражага етганини таъкидлади. Товар айланмаси 31,7 млн доллардан 147,7 млн долларга ўсди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 баробар кўпдир.
Ўз навбатида, Ираклий Гарибашвили Қозоғистон ва Грузия кўплаб йўналишлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги ва юк ташиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлади.
Учрашувда томонлар Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Унинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида темир йўл участкалари ва денгиз портларидаги инфратузилмавий чекловларни олиб ташлаш, амалдаги тарифларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
«Ушбу лойиҳа икки давлат учун стратегик аҳамиятга эга. Қозоғистон томонлар манфаатлари мувозанатини сақлаган ҳолда минтақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича барча ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши умумий салоҳиятини ошириш мақсадида бошқа иштирокчилар билан биргаликда 2022-2025 йилларга мўлжалланган «тор жойлар»ни синхрон тарзда бартараф этиш ва унинг салоҳиятини ривожлантириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишни тавсия қиламиз», — деди Алихан Смаилов.
Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Бош вазири икки давлат ўртасида туризм салоҳиятини, жумладан, эко ва этнотуризмни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Бугунги кунда Қозоғистон Грузияга 34 та тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширади. Шу муносабат билан Қозоғистоннинг 12 та аэропортида хорижий авиакомпаниялар учун очиқ осмон режими жорий этилди. У рейслар сони бўйича барча чекловларни олиб ташлашни назарда тутади.
Учрашув якунида томонлар бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзоладилар: Қозоғистон ва Грузия ўртасида ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш бўйича 2023-2026 йилларга мўлжалланган йўл харитаси, Аstana Hub халқаро IТ стартаплар технопарки ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми ва Грузия Технологиялар ва инновациялар агентлиги, шунингдек, «Қазақстан темір жолы» МК« АЖ ва «Грузия темир йўли« АЖ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим.
Фото: primeminister.kz