Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида саноат мажмуаси қурилиши жорий йилда бошланади
ТASHKENT. Кazinform - Жорий йилнинг август ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида “Марказий Осиё” саноат кооперацияси мажмуаси қурилиши бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган ва мазкур лойиҳа ҳолатини муҳокама қилган Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinformнинг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

Қозоғистоннинг Туркистон ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятларида қуриладиган саноат мажмуаси қарийб 100 гектар майдонни эгаллайди. Давлат ҳисобидан 50 гектар ер ажратилиб, мажмуа қурувчи инвестор топилди. Лойиҳага кўра, у ерда ёпиқ мажмуа қурилади, ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо учун қулай шароитлар яратилади.
“Биз асосий инвесторни аниқладик. У давлат ва хусусий капитални бирлаштириб, саноат зонасини қуради. Қозоғистон 50 гектар ер ажратди. Уни 100 гектарга етказиш режалаштирилган. Кооператив қурилиши шу йилнинг август ойида бошланади. Ишчи гуруҳ йиғилишида Ўзбекистон пахтани қайта ишлаш корхонаси билан шартнома имзоланди. Мажмуанинг 15 гектар майдони корхонага берилади. Компания ўз ишлаб чиқаришини у ерда йўлга қўяди”, — деди Қайрат Тўребаев Кazinformнинг саволига жавоб берар экан.
Қозоғистондаги саноат мажмуасининг бир қисмига саноат зонаси мақоми берилган. Шунга кўра, тадбиркорларга чегирмалар тақдим этади. Кейинчалик у ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учинчи давлатлар билан бир қаторда ҳар икки давлат бозорларига ҳам экспорт қилинади. Натижада Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
“Биз қурилишни 2027 йилгача якунлаймиз. Айни пайтда ҳар икки томонда жойлашган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлайдиган инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу ерда нафақат маҳаллий, балки хорижий бизнес вакиллари ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида. Унгача зарур инфратузилмани яратамиз”, – дейди Сирдарё вилояти сармоя ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекмурод Акбаров.
2030 йил мажмуанинг тўлиқ ишга туширилиши ва тижорат мақсадларида фойдаланиш даври сифатида белгиланган. “Марказий Осиё” саноат кооперацияси Туркистон ва Сирдарё вилоятлари ялпи ички маҳсулотини кўпайтириш билан бирга чегарадош вилоятларни йирик логистика марказига айлантиришга хизмат қилади. Ҳар икки томондан бу иш билан шуғулланувчи ваколатли органлар аниқланган.
Учрашув якунида томонлар қўшма ҳужжат имзолади ва ўз ҳудудларида кузатувни кучайтиришга келишиб олдилар.