Қозоғистон тиббиёт сифати бўйича жаҳон рейтингида нечанчи ўринда туради

Energyprom.kz портали маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг жаҳон рейтингидаги индекси 59,99 ни ташкил қилади. Индекс қанчалик юқори бўлса, соғлиқни сақлаш тизими шунчалик яхши бўлади. Умуман олганда, соғлиқни сақлаш тизимининг сифат индекси тиббиёт ходимлари, жиҳозлар, хизматлар нархи ва бошқа омилларни баҳолаш орқали шакллантирилади. Рейтингга кўра, Тайван, Жанубий Корея ва Япония соғлиқни сақлаш тизими энг яхшиси ҳисобланади. Энг ёмон ҳолат Венесуэлада.
Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими рейтингда иштирок этаётган МДҲ давлатлари орасида энг яхшиси деб топилди.
Россия, Украина ва Озарбайжонда кўрсаткичлар пастроқ. Жорий йилнинг феврал ойида Қозоғистонда амбулатория хизматлари нархи бир ойда 1,8 фоизга, бир йилда эса 6,4 фоизга қимматлашган.
Ойлик динамикада шифокорлар хизмати 6,1 фоизга, шифокорнинг биринчи қабули 2,1 фоизга, тиббий лаборатория ва рентген хоналари хизматлари 1,4 фоизга, стоматологлар хизмати 0,6 фоизга ошди.
2020 йилда Қозоғистонда барча ихтисосликдаги шифокорлар (тиш шифокорларидан ташқари) сони – 76,4 минг нафарни ташкил этади.
Бу 2019 йилга нисбатан 3,2 фоизга кўпдир. Ҳар 100 минг аҳолига 405 шифокор тўғри келади.
Нур-Султан, Алмати шаҳарлари ва Қарағанди вилоятида шифокорлар даражаси нисбатан юқори. Ақмола, Алмати ва Туркистон вилоятларида шифокорлар етишмаслиги аниқ кузатилади.
Мамлакатда ҳар 100 минг аҳолига 14 нафар провизор, 21 нафар фармацевт, 323 нафар мутахассис ва 10 нафар стоматолог тўғри келади.