Қозоғистон Президенти Қирғизистон Жогорку Кенеши раисини қабул қилди

Нурланбек Шакиевни мамлакатга ташрифи билан қутлар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Қозоғистон учун яхши қўшни, қардош давлат ва стратегик шерикдир.
Суҳбат чоғида Давлат раҳбари бугунги кунда Қозоғистон-Қирғизистон муносабатлари жадал ривожланаётганини, бунга ҳукуматлараро ва парламентлараро даражадаги ўзаро ҳамкорлик ёрдам бераётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик йил сайин ортиб бормоқда, мамлакатлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.
Президент эришилган келишувлар мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг кўплаб йўналишларига муҳим туртки беришига ишонч билдирди. Қосим-Жомарт Токаев Қозоғистон қардош Қирғизистон билан иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш йўлида қатъий содиқ эканини таъкидлади.
Нурланбек Шакиев, ўз навбатида, Давлат раҳбарига учрашув ва қозоқ халқига хос меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, Президент Садир Жапаров номидан самимий қутловларни етказди. Спикернинг таъкидлашича, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳар жиҳатдан энг яқин давлатлар бўлиб, ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлашга асосланган ҳар томонлама ҳамкорлик муттасил чуқурлашиб бормоқда. Бундан ташқари, у Қозоғистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Учрашувда Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув сўнггида Қозоғистон Президенти Қирғизистон раҳбарига энг эзгу тилакларини йўллади.