Қозоғистон Президенти Exxon Mobil корпорациясининг катта вице-президентини қабул қилди
Учрашув давомида томонлар Қозоғистон ва Exxon Mobil корпорацияси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, углеводородлар соҳасидаги қатор лойиҳаларни амалга ошириш, «яшил» технологияларни жорий этиш, шунингдек, жаҳон энергетика бозоридаги ҳозирги вазиятни муҳокама қилдилар. Давлат раҳбарига Қашағанни ўзлаштириш суръатлари ва Тенгиз конининг кенгайиши тўғрисида маълумот берилди.
Президент корпорациянинг мамлакат билан 28 йиллик шериклик даврида Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.
Нил Чапман Exxon Mobil учун Қозоғистон билан ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятини билдирди. Шунингдек, америкалик тадбиркор жаҳон нефт бозорини янада ривожлантириш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва ушбу соҳадаги долзарб масалалар ҳақида гапирди.