Қозоғистон Президенти БМТ делегациясини қабул қилди

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев БМТ делегацияси – БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Армида Алисжабан, Бош котибнинг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енчи ва БМТ бош котиби ёрдамчиси билан – БМТ Тараққиёт дастури раҳбари ёрдамчиси Ивана Живкович билан учрашди, дея хабар беради Kazinform.
None
Фото: t.me/aqorda_resmi

Учрашувда Қозоғистон ва БМТ институтлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Президент Астана халқаро форумидаги фаол иштироки учун дипломатларга миннатдорлик билдириб, уларнинг БМТ доирасидаги таклифлари форум ишининг мазмун-моҳиятини бойитишга хизмат қилганини таъкидлади.

Давлат раҳбари БМТнинг тинчликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва глобал тараққиётни таъминлашдаги беқиёс ролига эътибор қаратди. Қасим-Жомарт Тоқаев БМТ Хавфсизлик кенгашини кенг қамровли ислоҳ қилиш зарурлигини ва бу орган ваколатларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Президент Қозоғистон ушбу универсал ташкилот ролини кучайтириш мақсадида БМТ билан кучларни бирлаштириш ниятида эканини тасдиқлади.

Қозоғистонда БМТнинг 20 дан ортиқ бўлимлари муваффақиятли фаолият юритиб келяпти. Шу билан бирга, Алмати шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистоннинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу марказ фаолияти 2030 йилга қадар кун тартибини илгари суриш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўриш орқали БМТ агентликлари ва минтақа давлатлари ҳукуматлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган.

Ўз навбатида, юқори мартабали дипломатлар Астана халқаро форуми ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдилар ва ушбу платформа долзарб муаммоларни ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқишда стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Учрашувда Марказий Осиёнинг транспорт-логистика салоҳияти ва унинг рақамлаштириш жараёнидаги стратегик роли ҳам муҳокама этилди.

Учрашув якунида Давлат раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга самимий саломини йўллади.


Сўнгги хабарлар