Қозоғистон компаниялари 478 миллион долларлик экспорт келишувларини имзоладилар

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон маҳаллий товарлар ва хизматларни ташқи бозорларга олиб чиқишга устувор аҳамият берди. Мамлакатнинг экспорт сиёсати етказиб бериш географиясини кенгайтириш, экспортчиларни молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва Қозоғистон маҳсулотларининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган. Бу ҳақда ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги хабар берди.

экспорт
Фото: Миллий статистика қўмитаси

Вазирлик ЕОИИ мамлакатлари, Европа мамлакатлари, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Ўтган йили Эрон, Венгрия, Афғонистон, Хитой, жумладан, Сиань, Чунцин ва Гуанчжоу шаҳарларида, Малайзия, Ўзбекистон, Беларусь ва Покистонда 10 та савдо-иқтисодий миссия ташкил этилди. Уларда 300 дан ортиқ қозоғистонлик компаниялар иштирок этди. Миссия натижасида 477,8 миллион доллар миқдорида экспорт келишувлари имзоланди. Бундан ташқари, 109 та компанияга 6,26 миллиард тенге миқдорида харажатлар қопланди.

“Ташқи инфратузилма соҳалари ҳам ривожланиб боряпти. Uz-Qaztrade офислари, Qaztrade’нинг Тожикистон, Дубай, Термез, Будапешт, Теҳрон, Урумчи ва Нанкиндаги ваколатхоналари фаолият юритади. Қозоғистон Gulfood кўргазмаси, China Import Expo, Берлиндаги «Яшил ҳафта», GITEX ҳамда Шанхайдаги кўргазмаларни ўз ичига олган саккизта йирик халқаро кўргазмада иштирок этди”, - дейилади хабарда. 

Экспорт кредит агентлиги орқали экспортчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажми 653,7 миллиард тенгега етди, бу 2024 йилга нисбатан қарийб икки баравар кўп. 

Савдо ва экспортдан олдинги молиялаштириш 92,2 миллиард тенгени ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан уч баравар кўп. 121 та экспортчи қўллаб-қувватланди.

Агентлик 50 миллиард тенгега қайта капиталлаштирилди ва 250 миллиард тенге миқдорида давлат кафолатлари берилди. 2026 йил охирига келиб суғурта ҳажмини 1,1 триллион тенгега етказиш режалаштирилган.

Ўтган йили Қозоғистон имтиёзли савдо шартномалари тармоғини кенгайтирди. ЕОИИ ва Бирлашган Араб Амирликлари Иқтисодий шериклик шартномаси, Мўғулистон билан вақтинчалик савдо келишуви ва Индонезия билан эркин савдо келишувини имзоладилар. Бирлашган Араб Амирликлари билан хизматлар савдоси ва инвестициялар бўйича келушив тузиш якунланмоқда. Ҳиндистон билан музокараларнинг биринчи босқичи якунланди.

Халқаро ҳамкорлик ҳам кўп томонлама платформалар орқали ривожлантириляпти. Май ойида Астанада Иқтисодиёт ва савдо вазирларининг “Марказий Осиё-Хитой” форматидаги иккинчи учрашуви бўлиб ўтди, ундан сўнг меморандум ва ҳаракатлар режаси имзоланди. Июнь ойида Астанада Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо конфигурацияси бўйича ҳамкорлик қўмитасининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва ички бозорда рақобатбардошликни ошириш учун божхона ва тарифларни тартибга солиш чоралари кўрилди. 2025 йилда Евроосиё иқтисодий комиссияси импорт божи ставкаларини ўзгартириш бўйича 15 та қарор қабул қилди. 2028 йил 31 майга қадар териларни экспорт қилишда қўлланиладиган бож солиғи бекор қилинди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун айрим товарларни импорт қилишга чекловлар жорий этилди. Бундан ташқари, вазирлик баёнотида айтилишича, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича тўртта антидемпинг чораси қабул қилинди ва ўнта янги текширув бошланди”, - дейилади вазирлик хабарида.

Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиевнинг сўзларига кўра, экспорт сиёсатини кенгайтириш, компанияларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар Қозоғистон экспортининг барқарор ўсиши учун замин яратади, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг глобал иқтисодиётдаги рақобатбардошлигини оширади.

Сўнгги хабарлар