Қозоғистон Кениядаги Момбаса портидан фойдаланишга қизиқмоқда — Президент
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Африка бозорига буғдой ва бошқа товарларни етказиб беришдан манфаатдор. Бу ҳақда мамлакатга давлат ташрифи билан келган Кения Республикаси Президенти Уилям Руто билан музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситаларига баёнот берган Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.
— Умуман олганда, мамлакатимиз Африка мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга катта аҳамият беради. Бугун биз Президент Уильям Руто билан бир қатор муҳим масалалар бўйича мазмунли музокаралар ўтказдик. Хусусан, савдо-иқтисодий интеграцияни кенгайтиришга эътибор қаратдик. Транспорт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, туризм, саноат ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида мунтазам ҳаво қатновларини очиш имконияти ҳақида фикр алмашдик, — деди Президент.
Давлат раҳбари Қозоғистон Африка бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, биринчи навбатда буғдой ва бошқа товарларни етказиб беришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
— Шу мақсадда биз Момбаса портидан фойдаланиш масаласини кўриб чиқдик. Бу Шарқий Африкадаги энг йирик логистика марказларидан бири бўлиб, минтақадаги 8 та мамлакатга кириш имконини беради. Бугунги кунда Қозоғистон бозорида чой ва қаҳва каби бир қатор Кения товарлари мавжуд. Буни икки мамлакат ўртасида ўрнатилган барқарор савдо алоқаларининг акси деб ҳисоблаш мумкин, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Кения Президентини Мустақиллик саройида кутиб олди.