“Қозоғистон халқига” жамғармаси сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун 10 миллиард тенге ажратади

“Қозоғистон халқига” жамғармаси сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун 10 миллиард тенге ажратади
Фото: freepik.com

ASTANА. Кazinform - “Қозоғистон халқига” жамғармаси сув тошқинларидан жабрланганларга ёрдам миқдорини 10 миллиард тенгегача оширади.

“Аввалроқ жамғарма қишлоқ жойларда 200 та уй қуриш учун 5 миллиард тенге ажратилишини эълон қилган эди. Табиий офат кўлами ва унинг оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, Васийлик кенгаши ушбу мақсадлар учун жами 10 миллиард тенге ажратишга қарор қилди”, — дейилади жамғарма хабарида.

Маълумотларга кўра, 1 апрелдан 30 апрелгача бўлган муддатда юридик ва жисмоний шахслардан жамғарма ҳисоб рақамларига барча хайрия маблағлари жабрланганларга уй-жой қуриш учун ўтказилади. 9 апрель ҳолатига кўра, жамғарма ҳисобига 970 млн тенге тушди.

“Жамғарма томонидан йиғилган маблағга 430 дан ортиқ уй қуриш мумкин. Йиғилган маблағ кўпайса, қуриладиган уйлар сони кўпайиши кутилмоқда. Сув тошқинлари оқибатида вайрон бўлган уй-жойларни тиклаш зарурлигини ҳисобга олиб, “Қозоғистон халқига” жамғармаси хайрия қилувчи фуқаролар ва юридик шахсларни Давлат раҳбарининг жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун маблағ йиғиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлашга чорлайди”, — дейилади хабарда.

Хайрия қилиш учун https://qazaqstanhalqyna.kz/kk/donors.html расмий веб-сайтида кўрсатилган ҳисоб ва маълумотлардан фойдаланиш мумкин.

Бундан ташқари, жисмоний шахслар учун пул ўтказмалари банкларнинг мобил иловасининг “хайрия” бўлимида мавжуд.

Жамғармага тушган маблағлар ҳақида батафсил ҳисобот, шунингдек, қурилишнинг бориши ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтда жойлаштирилади.

“Жамғарма тушган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни таъминлайди. Аҳоли пунктлари, қурилиш майдончалари ва ер участкаларини танлаш, қурилиш ташкилотлари топшириғи бўйича пудратчиларни аниқлаш қурилиш буюртмачиси сифатида фаолият юритувчи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади”, — дейилади хабарда.

Сўнгги хабарлар