Қозоғистон Финляндия билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида

Томонлар савдо, инвестицияларни жалб қилиш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, таълим, кам углеродли ривожланиш ва бошқа соҳалардаги кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.
Бош вазир Қозоғистон Финляндияни Шимолий Европа минтақаси ва халқаро ташкилотлардаги асосий ҳамкорлардан бири сифатида кўришини таъкидлади. Шу муносабат билан Ҳукумат барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга бел боғлаган.
«Биз сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Бунда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиямиз муҳим ўрин тутади, у бошқа масалалар қатори икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқот учун самарали майдондир», — деди Алихан Смаилов.
Шу нуқтаи назардан, Бош вазир Финляндиянинг Астанадаги элчихонасида янги виза маркази очилишини, шунингдек, Қозоғистон ва Финляндия компаниялари иштирокида давра суҳбати ўтказиш режаларини олқишлади.
Ўз навбатида, Вилле Скиннари Финляндия иқлим ташаббусларини илгари суриш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва Осиёдан Европага истиқболли логистика йўлакларини, биринчи навбатда, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, вазир Финляндия бизнесининг Қозоғистон бозорига қизиқиши ортиб бораётгани, шунингдек, саноат, хусусан, рақамлаштириш ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун юқори салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Қозоғистон-Финляндия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича фаол қўшма ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.