Қозоғистон бошқа мамлакатларга қанча нефть экспорт қилади

Алмасадам Саткалиев
Фото: primeminister.kz

ASTANA. Kazinform – Жорий йилда 1,5 миллион тонна Қозоғистон нефтини Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналишида ташиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда ҚР Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев маълум қилди.

“2023 йилда 90 миллион тонна нефть қазиб олинди, бу 2022 йилга нисбатан 6,9 фоизга юқори. Йилига 10-11 миллион тонна ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш лойиҳалари доирасида Қарашиғанақда 5 ва 6-компрессорлар қурилиши бошланди ва мос равишда 2025 ва 2028 йилларда якунланади”, – деди А. Сатқалиев вазирлик ҳайъати йиғилишида.

Вазирнинг сўзларига кўра, нефть экспорти ҳам ўсиб, 70,5 миллион тонна ёки 109,6 фоизни ташкил этди.

“Каспий қувурлари консорциумининг Қозоғистон қисмидаги тўсиқларни бартараф этиш лойиҳаси якунланди. Бу ўтказиш қобилиятини йилига 72,5 миллион тоннагача оширди. “Дружба” нефть қувури орқали «Шведт» нефтни қайта ишлаш заводи йўналиши бўйича Германияга 1 миллион тонна қозоқ нефтини ташиш «Транснефть» АЖнинг янги тизими орқали таъминланди”, – деди Энергетика вазири.

Қозоғистон нефти Боку-Тбилиси-Жайҳон тизими орқали 1 млн тонна миқдорида ташилди. Бу Ақтау порти орқали Махачқалъа ва Бокуга нефть экспортини 3,4 миллион тоннага ёки 2022 йилга нисбатан 52 фоизга ошириш имконини берди.

Қозоғистон нефтини Хитойга 1,2 миллион тонна, Ўзбекистонга эса 0,065 миллион тонна темир йўл орқали экспорт қилиш таъминланди.

Бундан ташқари, Россия нефтининг мамлакат ҳудуди орқали транзити: Хитойга – 10 миллион тонна, Ўзбекистонга – 0,15 миллион тонна.

“Дружба” тизими бўйича 1,2 миллион тонна, шунингдек, Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналиши бўйича 2024 йилгача 1,5 миллион тонна нефтни ташиш бўйича келишувга эришилди”, – деди А. Сатқалиев.

Сўнгги хабарлар