Қозоғистон бизнеси сув тошқинларидан жабрланганларга қандай ёрдам кўрсатмоқда

Хайрия
Фото: Алтинай Сағиндиқова/Kazinform

ASTANА. Кazinform – Сув тошқинларига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича республика штабининг йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маҳаллий тадбиркорлик субъектларини ортда қолмасликка, сув тошқинларидан жабр кўрган фуқароларга ёрдам беришга чақирди. Бир қанча йирик компания ва банклар Қозоғистон халқига ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканликларини билдиришган.

Kcell ва Beeline уяли алоқа операторлари сув тошқинларидан жабр кўрган фуқароларга телефон қўнғироқлари учун бепул дақиқалар, шунингдек, интернет гигабайтлари ва ўнлаб SMS-хабарларни тақдим этишини маълум қилди.

Ўз навбатида, Қозоғистоннинг иккинчи даражали банклари жабрланувчилар учун кредит тўлаш муддатини 2024 йил 1 апрелдан 30 июнга кўчириш, жарима ва пенялардан воз кечишга тайёрлигини билдирди.

Қозоғистоннинг Astana Motors автомобиль компанияси сув тошқинларидан жабр кўрган вилоятлар аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун «Демеу Қазақстан қоры» корпоратив жамғармаси ҳисобига 500 миллион тенге ўтказганини маълум қилди.

“Барчамиз рўй берган воқеадан хавотирдамиз, табиий офат туфайли тўсатдан уй-жойидан, мол-мулкидан ва тирикчилик воситаларидан айрилган юртдошларимизга ҳамдардмиз. Жабрланган ҳудудларда нормал ҳаётни тиклаш учун 500 миллион тенге ажратишга қарор қилдик. Чидамлилик, сабр-тоқат ва ўзаро ёрдам сув тошқини оқибатларини бартараф этишга ёрдам беради”, — деди Astana Motors асосчиси Нурлан Смағулов.

Жабрланганларга ёрдам беришдан оддий қозоғистонликлар ҳам қолишмади. Бир неча кун ичида 55 минг фуқаро «Biz Birgemiz Qazaqstan» жамғармаси ҳисобига 80 миллион тенге йиғди. Kaspi.kz бу маблағни 200 миллион тенгега оширди.

“Маблағлар «Biz Birgemiz Qazaqstan» жамоат фондига Ақтўбе ва Қостанай вилоятларидаги йўлларни таъмирлаш, қутқарув вертолётларининг ишлашини таъминлаш, генераторлар, насослар, пуфланадиган қайиқлар ва дори-дармонлар харид қилиш учун юборилади”, — деди Kaspi.kz раҳбари Михаил Ломтадзе.

Halyk Bank ва “Халқ” хайрия жамғармаси сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам сифатида яна бир миллиард тенге ажратади. Halyk гуруҳи раҳбарияти ушбу қадам давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган чора-тадбирлар, шунингдек, барча манфаатдор фуқаролар ва тадбиркорлик вакилларининг иштироки одамларнинг табиий офатлар оқибатларидан тезроқ тикланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Болат Ўтемуратов жамғармаси сув тошқинларидан жабрланганларга ёрдам сифатида 680 миллион тенге ажратди.

“Шу кунларда миллионлаб ҳамюртларимиз каби сув тошқинларидан жабр кўрган вилоятлар аҳолисига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва ажратилган маблағлар уларга асосий эҳтиёжларни харид қилиш имконини беради ва оғир кунлардан омон қолишга ёрдам беради, деб умид қиламиз”, — деди Болат Ўтемуратов жамғармаси директори Марат Айтмағамбетов.

Шунингдек, Сув тошқинларига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича республика штабининг йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев жабрланганларнинг барча йўқотишлари давлат томонидан қопланишини маълум қилди.

BI Group директорлар кенгаши раиси Айдин Раҳимбаев ўзининг Facebookдаги саҳифасида компания сув тошқинларидан жабр кўрган ҳудудларга молиявий ёрдам миқдорини оширишга ҳам қарор қилганини ёзди.

BI Group холдинги тошқиндан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун 500 миллион тенге ажратишини маълум қилди. Бунгача компания ҳокимликларни барча зарур қурилиш ва махсус техника, инсон ва моддий ресурслар билан таъминлаган.

“Сув тошқинларидан жабр кўрган минглаб қозоғистонликларга самимий ҳамдардлик билдирамиз. Уй-жой ва мол-мулкдан айрилиш ҳар қандай одам учун катта синов бўлиб, биз ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш масъулият ва бурчимиз эканини ҳис қиламиз. Биз биргаликда жабрланган ҳудудларни тиклашга ва одамларнинг нормал ҳаётга қайтишини осонлаштиришга ҳаракат қиламиз”, - дея таъкидлади BI Group директорлар кенгаши раиси А.Раҳимбаев.

Ажратилган маблағлар молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қайта тиклаш учун қурилиш-монтаж ишларига йўналтирилади. Шунингдек, тез орада BI Group ходимлари зарар кўрган ҳудудлардаги уйларни тиклашга ёрдам бериш учун юборилади.

Сўнгги хабарлар