Қозоғистон ҳаво ҳудудидан ўтувчи транзит самолётлар сони кескин ортиб бормоқда

Ҳаво ҳудудларининг ёпилиши муносабати билан Европадан Жануби-Шарқий Осиё, Ҳиндистон ва Форс кўрфазига учувчи аксарият транзит рейслар энди Европанинг жанубий йўлаклари орқали амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳаво оқимининг бир қисми Қора денгиз минтақасидан Қозоғистон ҳудудига йўналтирилди. Ўтган сутка давомида мамлакат ҳаво ҳудуди орқали 257 та режадан ташқари рейс амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, Республика аэронавигация тизимининг имкониятлари ҳеч қандай чекловларсиз ҳаво қатновининг қўшимча ҳажмларини қабул қилиш имконини беради.
Шунингдек, ҳаво қатновини ташкил этиш бўйича қўшимча секторлар очиш, сменаларни кучайтириш ва фуқаролик-ҳарбий мувофиқлаштиришнинг ўзаро ҳамкорлиги, мослаштирилган ва муқобил йўналишлар билан таъминлаш, Қозоғистон аэропортларига қўнадиган ҳаво кемалари учун ҳаво бўшлиғига киришни соддалаштириш каби бир қатор махсус чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Европадан Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёга рейсларнинг кўпайиши мамлакатга ойига қўшимча 1,5 миллион доллар даромад келтиради.