Қозоғистон армиясида 12 мингдан ортиқ аёллар хизмат қилмоқда
ASTANA.Кazinform - Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ҚР Мудофаа вазири, генерал-полковник Руслан Жақсилиқов ҳаёт йўли Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш билан боғлиқ бўлган аёллар ва қизлар билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маросим иштирокчилари билан учрашган мудофаа ишлари идораси раҳбари иштирокчиларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, мамлакат Қуролли Кучларида хизмат қилган аёлларга самимий миннатдорчилик билдирди.

Вазирнинг таъкидлашича, Қозоғистон армиясида 12 мингдан ортиқ хотин-қизлар, жумладан, 800 га яқин офицерлар, 6000 дан ортиқ шартнома асосида ишлаётган хизматчилар ва 5000 нафар фуқаровий ходималар хизмат қилади. Хотин-қизлар 25 нафари “полковник” ҳарбий унвонида, 11 нафари раҳбарлик лавозимларида, 55 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган.
– Ҳарбий хотин-қизлар ўқув ва жанговар вазифаларни эркаклар билан тенг равишда бажариб, ўз бурчларини содиқлик билан бажармоқда. Улар орасида денгизчилар, десантчилар, разведкачилар, снайперлар, механик-ҳайдовчилар бор. Касб танлашда ҳар бирингизнинг ўз йўлингиз, ўз тақдирингиз бор, - деди вазир.

Норасмий мулоқотда генерал-полковник Руслан Жақсилиқов оила фаровонлигини сақлаш, жамиятда тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Қозоғистон Республикаси Миллий мудофаа университети “Бош штаб академияси” давлат, ҳарбий бошқарув ва ҳуқуқ кафедраси катта ўқитувчиси подполковник Айсулу Молдашева сўзга чиқди. Ўқитувчи тезкор-тактик даражадаги офицерларни тайёрлашга қаратилган ўқув фаолиятининг йўналиши ҳақида гапириб берди.

Армияда хизмат ва спорт ёнма-ён юради. Бу соҳада ҳарбий хизматчи-спортчилар Қуролли Кучлар нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Спорт қўмитаси – Марказий спорт клубининг бокс бўйича жамоаси катта мутахассиси, Қуролли Кучлар ходими Ангелина Лукас бунга яққол мисолдир. Март ойи бошида профессионал боксчи А. Лукас рингдаги еттинчи ғалабасини қўлга киритди ва Таиланддан уйига қайтди. Ангелина вазирга спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

55765-сонли ҳарбий қисм ҳарбий алоқа бўлими бошлиғи, ефрейтор Татьяна Скокова томонидан ижро этилган “Арис соҳилида” қўшиғи барча иштирокчиларга катта завқ бағишлади. Т. Скокова, ўз навбатида, ҳар бир аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратиш қудратига эга эканлигини таъкидлади. Бундай саъй-ҳаракатлар хотин-қизларнинг меҳрибон она, яхши инсон ва касб эгаси бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.

Тадбир сўнгида генерал-полковник Руслан Жақсилиқов қизларга табрик мактублари ва гуллар топширди. Муҳим учрашувнинг эсдалик совғаси сифатида Мудофаа вазири билан суратга тушишди.