Қозоғистон "ақлли фермалар" даврига кирмоқда - Тоқаев ЕОИИ агросаноатини рақамлаштиришни таклиф қилмоқда
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида ЕОИИ мамлакатларининг саноати ва агросаноат комплексини рақамли трансформация қилиш зарурати ҳақида гапирди.
Президентнинг сўзларига кўра, иқтисодиётни рақамлаштириш нафақат технологик тенденцияларга мослашиш, балки рақобатбардошликнинг асосий омили ҳамдир. Қозоғистон бу вазифага тизимли равишда ёндашди ва кенг кўламли рақамли трансформация концепциясини ишга туширди. Саноат секторида ва кон-металлургия комплексида роботлаштириш, булутли ечимлар ва йирик корхоналарнинг рақамли аналоглари унумдорликни оширди ва харажатларни камайтирди.
“Қишлоқ хўжалигини автоматлаштириш унумдорликни оширишга, сув ресурсларини тежашга ва атроф-муҳитга юкни камайтиришга ёрдам беради. Чорвачиликда қоғоз ҳужжат айланишини бартараф этадиган ва бухгалтерия ҳисобининг аниқлигини оширадиган рақамли тизимлар жорий этилмоқда. Ҳозирнинг ўзида автоматлаштирилган соғиш, озиқлантириш ва микроклиматни назорат қилиш тизимлари билан жиҳозланган 650 дан ортиқ «ақлли фермалар» фаолият юритмоқда”, – деди Қ. Тоқаев пойтахтда Мустақиллик саройида бўлиб ўтган йиғилишда.
Экинчилик соҳасида, жумладан уруғчиликда ҳам “экин майдонидан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулотни кузатиб бориш тизими жорий этилмоқда. Рақамли режалаштириш ва прогноз қилиш технологиялари туфайли Қозоғистон кетма-кет иккинчи йил рекорд даражада — 27 миллион тонна ҳажмида ғалла йиғиб олмоқда.
Шу билан бирга, Президент қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги дронлари, сунъий йўлдош навигацияси ва метеорологик маълумотлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш бўйича ишларни таъкидлади. Ерларни фойдаланишга топшириш жараёни электрон форматга ўтказилмоқда. Фермерларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Бу коррупция хавфини камайтиради.
“Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва ЕОИИ доирасидаги юқори технологияли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур. Агросаноат мажмуасидаги кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга оид ЕОИИ тўғрисидаги шартномага киритиладиган тузатишларнинг аҳамияти алоҳидадир. Бундай технологик ташаббусларни кенг миқёсда молиялаштириш учун Евроосиё тараққиёт банки салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш керак. Йигирма йил давомида банк евроосиё интеграциясининг самарали воситаси сифатида ўзини исботлади. Евроосиё тараққиёт банки келгусида ҳам иттифоқ доирасидаги стратегик лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб қолиши лозим”, — деди Президент.