Конституциявий комиссия таркибида хорижий мутахассислар йўқ – Президент

АSTANА. Kazinform – Конституциявий ислоҳотлар бўйича фуқаролар билан алоқа каналлари самарали ишлади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

— Ҳаммангизга маълумки, Қозоғистон ўтиш даврига қадам қўйди. Биз мамлакат тақдирига таъсир этувчи кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширмоқдамиз. Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултой йиғилишида конституциявий ислоҳотнинг муҳим жиҳатлари ҳақида айтганимни биласизлар. Жамиятда кеча эмас, ярим йилдан буён Конституция бўйича ҳар томонлама фикр алмашув бўлиб ўтмоқда. Барча таклифларни тизимлаштириш ва саралаш учун 130 кишидан иборат Конституциявий комиссия тузилди. Бу – кўлами жиҳатидан ҳам, касбий даражаси нуқтаи назаридан ҳам мамлакатимиз учун тенгсиз комиссия. Бу сафар Комиссия таркибида хорижий мутахассислар йўқ, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Бу борада Президент ўтган йил октябридан бошлаб фуқароларга ўз фикрини билдириш учун тўлиқ имконият берилганини эслатиб ўтди. Шу вақтдан бери eGov ва eOtinish давлат рақамли платформалари орқали бир неча минг таклиф келиб тушди.

— Комиссия барча мурожаатларни диққат билан кўриб чиқиб, тегишли тузатишларни тайёрлади. Конституциявий комиссиянинг иши максимал даражада очиқ олиб борилди. Буни таъкидлаб ўтиш муҳимдир. Чунки мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳеч қачон бунчалик ҳар томонлама муҳокама қилинмаган ва тўғридан-тўғри эфир орқали жамоатчиликка тақдим этилмаган. Биз «Халқ овозига қулоқ соладиган давлат» сифатида рақамли платформаларни кенг қўлладик. Конституциявий ислоҳотлар бўйича фуқаролар билан алоқа каналлари самарали ишлади. Шунинг учун ҳақиқатан ҳам умуммиллий миқёсдаги муҳокама бўлди десак, тўғри бўлади. Бу – Адолатли Қозоғистон қурилишидаги аниқ кўриниш, — деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги хабарлар