Қирғизистонда муқобил ҳарбий хизмат учун тўлов миқдори ошиши мумкин
ASTANА. Кazinform — Қирғизистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий ва муқобил хизматни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди, деб хабар беради Кабар.

Қонун лойиҳасининг мақсади муқобил ҳарбий хизмат ва сафарбарлик тайёргарлиги учун тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқиш ва уни жорий иқтисодий ўсиш, инфляция ва статистик маълумотларга мос равишда янгилашдан иборат.
Лойиҳада муддатли ҳарбий хизматни муқобил хизматга алмаштириш ёки сафарбарлик тайёргарлигидан ўтганлик учун тўловлар учун асос бўладиган ҳисоб-китоб кўрсаткичларини ошириш таклиф этилмоқда.
Янги тўлов миқдори:
- оилавий шароитга кўра озод этилганлар учун – 18 000 сомдан 25 000 сомгача;
- соғлиғига кўра озод этилганлар учун – 25 000 сомдан 40 000 сомгача;
- диний ташкилотлар аъзолари ва жамоат ишлари билан шуғулланиш истагида бўлганлар учун – 25 000 сомдан 50 000 сомгача;
- сафарбарлик тайёргарлигидан ўтиш истагида бўлган 22-40 ёшдагилар учун – 50 000 сомдан 75 000 сомгача;
- олий маълумотга эга бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар (офицерлар захирасини ўташ) – 70 000 сомдан 90 000 сомгача.
Охирги марта тўлов миқдори 2017 йилда қайта кўриб чиқилган. Ўшанда Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 14 300 сомни ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 35 791 сомга етди, яъни икки баробардан ортиқ ўсди. Қонун лойиҳаси тўловларни ушбу ўзгаришларга мослаштиришга қаратилган.
Шунингдек, ҳарбий рўйхатга олиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималарни ошириш таклиф этилади:
- ҳарбий гувоҳноманинг йўқолиши ёки шикастланиши;
- маълумотларни ўз вақтида янгиламаслик;
- сафарбарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш.
- ҳуқуқбузарлар учун жазо чораларини танлашда мансабдор шахсларга берилган эркинлик олиб ташланмоқда — бу коррупция хавфини камайтириш учун зарур.
Қирғизистонда 1993 йилдан буён муқобил ҳарбий хизмат қонуний равишда жорий қилинган. У ҳарбий хизматни диний эътиқод, соғлик ҳолати, оилавий сабаблар ёки жамоат ишларига жалб қилиш истаги билан алмаштириш имконини беради.
Ҳукумат таклифи асосида ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳаси ҳарбий хизматни ўташ соҳасида шаффофлик, адолатлилик ва молиявий мувозанатни таъминлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар берган эдик.