Қасим-Жомарт Тоқаев янги тайинланган вилоятлар ҳокимларини қабул қилди

Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Нариман Тўреғалиев Қасим-Жомарт Тоқаевга вилоятнинг жорий йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва Бандлик йўл харитаси ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, Президент қабулида бўлган Павлодар вилояти ҳокими Асайин Байханов Экибастуз ИЭС иссиқлик тармоқларида содир бўлган авария оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилди. Унга кўра, Экибастуз шаҳрининг иссиқлик тизимини қайта тиклаш 15 декабрга қадар якунланади. Йиғилишда вилоятнинг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва уй-жой қурилиши борасидаги вазифаларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокими Айдарбек Сапаров Давлат раҳбари томонидан қабул қилинди. Вилоятни ривожлантириш режаси ва белгиланган вазифалар ижроси ҳақида маълумот берди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга Қумар Ақсақалов Қостанай вилоятининг жорий ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида маъруза қилди ҳамда вилоятда ижтимоий-иқтисодий ўсиш ва инвестицияларни жалб этиш ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, шаҳар ҳокими Президентга Қостанайда ўтказиладиган 19-минтақалараро форумга тайёргарлик бошлангани ҳақида маълум қилди.
Давлат раҳбари янги тайинланган вилоят ҳокимларига ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича қатор аниқ топшириқлар берди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт-логистика ҳолатини яхшилаш орқали қишлоқлар ривожини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Фото: akorda.kz