Қасим-Жомарт Тоқаев ва Виктор Орбан ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди
BUDAPEST. Кazinform — Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан музокаралар якунлари бўйича ОАВ вакилларига қўшма баёнот берди.
Давлат раҳбари қозоқлар ва венгерлар бир-бирига яқин халқлар эканини таъкидлади. Президент таъкидлаганидек, машҳур Дунай билан кўҳна Олтой ўртасида масофа узоқ бўлса-да, тақдири бир бўлган икки давлатнинг хоҳиши, орзуси бир.
– Ўттиз йил аввал Қозоғистон Венгрияда ўз элчихонасини очди. Бу мамлакатимизнинг Марказий Европадаги биринчи элчихонаси эди. Ўшандан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар нормал ривожланиб бормоқда, орамизда фақат дўстлик ва яхши ният ҳукм сурмоқда. Мамлакатларимиз катта иқтисодий салоҳиятга эга, уни ҳар томонлама ривожлантириш жуда муҳим. Бинобарин, ташрифимдан асосий мақсад ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлашдан иборат. Венгрия давлати Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги ишончли стратегик ҳамкори ҳисобланади. Бугунги мустаҳкам сиёсий ҳамкорлик, яқин иқтисодий алоқалар бунинг ёрқин далилидир. Биз ҳозиргина Жаноб Виктор Орбан билан мазмунли суҳбатлашдик. Бош вазирнинг ўтган йили Астанага расмий ташрифи чоғида кўплаб келишувларга эришган эдик. Бугун биз уни қайта кўри чиқдик ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳақида гаплашдик. Бу йил икки давлат ўртасида стратегик шериклик ўрнатилганига 10 йил тўлди. Музокаралар чоғида ҳамкорлигимиз истиқболларини муҳокама қилдик. Самарали сиёсий мулоқот ўтказиш, умумий иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш жуда муҳим вазифадир. Шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш зарур. Шу муносабат билан бугун биз қўшма баёнот қабул қилдик. Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш ҳар икки халқ учун ҳам манфаатлидир, — деди Президент.
Музокаралар чоғида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
— Ҳозир дунёда иқтисодий ва энергетика инқирози ҳукм сурмоқда. Шунга қарамай, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 9 фоизга ошди. Келажакдаги мақсад - ўзаро савдо-сотиқни 1 миллиард долларга ошириш. Биз Венгрияга умумий қиймати 700 миллион долларлик 95 турдаги товарларни етказиб беришга тайёрмиз. Энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти мавжуд. Венгрия компаниялари Қозоғистондаги сармоявий лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. 2005 йилдан буён мамлакатимизга Венгриядан 370 миллион доллар сармоя киритилди. Бугун мен Венгриядаги йирик компаниялар («MOL», «OTP Group», «Gedeon Richter») раҳбарлари билан учрашдим. «UBM» холдинги билан учта ем-хашак ишлаб чиқарувчи корхона қуриш лойиҳасини имзоладик. Унинг қиймати 62 миллион долларни ташкил қилади. Иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш давр талабидир. Биз нодир металлар, сув ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Товарлар турини кўпайтириш, инновацион технологияларни жалб қилиш, энергетика, рақамлаштириш, транспорт соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш жуда долзарб масала. Бу орқали биз ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантирамиз. Қозоғистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва Стратегик кенгаш савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка катта ҳисса қўшмоқда, - деди Давлат раҳбари.
Музокаралар чоғида икки давлат делегациялари муҳим стратегик савдо йўлларидан бири бўлган Транскаспий халқаро транспорт йўлаги имкониятларини муҳокама қилди.
- Бугунги кунда KTZh Express», «L.A.C. Holding» және «Xi'an Free Trade Port Construction and Operation» ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу минтақадаги иқтисодий муносабатларнинг ёрқин ифодасидир. Ҳужжат мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга кенг йўл очади. Инфратузилма, логистика ва халқаро савдони ривожлантириш имконияти мавжуд. Осиёдан Европага қуруқлик орқали ташиладиган юкларнинг 85 фоизи Қозоғистон орқали ўтади. Келгусида бу йўналишда 10 миллион тонна юк етказилади, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг айтишича, томонлар аниқ чора-тадбирлар орқали маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олган.
– Венгрия терма жамоаси бу йил Астана шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида фаол иштирок этди. Қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Бундай воқеалар цивилизациямиз ва тарихимизнинг илдизлари муштарак эканлигини кўрсатади. Қардош халқларни яқинлаштиради. Венгрия Ҳукумати кўмагида сўнгги 10 йил давомида Қозоғистон талабаларига таълим грантлари ажратилиб келинмоқда. Бунинг самарасида бир неча минг ёшларимиз Венгрия олий таълим муассасаларида таълим олди, - деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқини якунлар экан, икки давлатнинг кўп томонлама ҳамкорлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби тузилмалар доирасида муваффақиятли ривожланиб бораётганига эътибор қаратди. У Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Туркий давлатлар ташкилоти ишида фаол иштирок этиб, туркий интеграция майдонини кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида юқори баҳолади.
Виктор Орбан Қозоғистон Президентининг Венгрияга сўнгги ташрифи 17 йил аввал бўлганини эслатиб, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг давлат ташрифи икки давлат стратегик шериклигини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди.
— Музокаралар давомида биз нафақат савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилдик. Икки халқ ўртасидаги дўстлик, тарихий алоқалар ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Умуман олганда, савдо-сотиқни ривожлантириш, энергия ресурсларининг янги манбаларини излаш ва халқаро энергия транспорти йўналишларини яратиш ҳар икки давлатнинг ўзаро манфаатларига мос келади. Бугун биз жаноб Президент билан Венгрия-Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлиги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун максимал куч сарфлашга келишиб олдик, – деди Виктор Орбан.