Қасим-Жомарт Тоқаев ва Виктор Орбан кичик таркибда музокара ўтказди
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга амалий ташриф билан келган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан кичик таркибда музокаралар ўтказди, деб хабар беради Каzinform Ақордага таяниб.

Учрашув олдидан “Ақорда” қароргоҳида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Фахрий қоровул бошлиғи Қозоғистон Президенти ва Венгрия Бош вазирига ҳисобот берди.
Икки мамлакат давлат мадҳиялари янграгач, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Виктор Орбан кичик таркибда мажлислар залига йўл олишди.
Томонлар Қозоғистон-Венгрия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришни таъкидладилар.
Давлат раҳбари Виктор Орбанга Қозоғистон ва Венгрия муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
“Ҳурматли Бош вазир, аввало, қозоқ заминига хуш келибсиз! Чунки Сиз – қипчақсиз. Буни қозоқлар яхши билишади ва Сизни ҳурмат қилишади. Шундай экан, Она Ватанингизга келдингиз десак муболаға бўлмас. Таклифимни қабул қилиб, Қозоғистонга амалий ташриф билан келганингиз ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг юбилей саммитида иштирок этиш ниятингиз учун сизга самимий миннатдорлик билдираман. Сизнинг ушбу ташрифингиз икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаши шубҳасиз. Шу боис бугунги музокаралар самарали бўлишига ишонаман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Ўз навбатида Виктор Орбан Қасим-Жомарт Тоқаевга Қозоғистонга таклиф қилгани ҳамда унга ва Венгрия делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди. У икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли шериклик даражасини юқори баҳолади.
“Ватанга қайтиш ҳар доим ажойиб. Венгерлар Қозоғистонга келганларида ўзгача туйғуларни бошдан кечирдилар. Чунки икки халқни асрларга бориб тақаладиган тарихий илдизлар боғлаб туради. Ўтган ўн йил мобайнида биз ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун бор куч-ғайратимизни сарфладик ва яхши натижаларга эришдик. Сиз билан ҳамкорлик қилиш мен учун катта шарафдир. Венгрия ҳамиша Қозоғистоннинг ишончли стратегик ҳамкори бўлиб келган. Келажакда ҳам шундай бўлади. Венгрия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражага етди. Шунингдек, ҳамкорлигимиз, айниқса, иқтисодий алоқаларимиз салоҳияти жуда катта”, – деди Виктор Орбан.