Қасим-Жомарт Тоқаев Татаристон Президенти Рустам Миннихановни қабул қилди

Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг 9 ойида Татаристон Республикаси билан товар айирбошлаш ҳажми 466 миллион доллардан ошганини айтди. Давлат раҳбари савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканини таъкидлади.
Рустам Минниханов Қасим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланиши билан табриклади. Шунингдек, у машинасозлик соҳасида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини айтиб, бугунги кунда Татаристон компанияси томонидан Саран шаҳрида барпо этилган шиналар заводидан илк маҳсулот ишлаб чиқарилганини таъкидлади.
Завод келаси йили тўлиқ қувват билан ишлашни режалаштирмоқда. Корхонада йилига 3,5 миллион дона енгил ва юк автомобиллари учун шиналар ишлаб чиқарилади. Заводда 1100 та иш ўрни яратиш режалаштирилган, инвестиция ҳажми 400 миллион долларни ташкил этади.
Қасим-Жомарт Тоқаев ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, мамлакатдаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.
Фото: akorda.kz