Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Садир Жапаров билан учрашди
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Анъанага кўра, мартабали меҳмоннинг ташрифи шарафига тантаналар залида фахрий қоровул саф тортди.
Президент оркестри икки давлат мадҳияларини ижро этди. Қасим-Жомарт Тоқаев ва Садир Жапаров гилам бўйлаб Қозоғистон Республикаси Давлат байроғи томон юришди, шундан сўнг икки Давлат раҳбарларининг чекланган таркибдаги учрашуви бошланди.


Хабар берганимиздек, Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Президенти Садир Жапаровни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев пойтахт аэропортида кутиб олди.
Давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Қирғизистон санъат усталарининг гала-концертини томоша қилдилар. Тинчлик ва келишув саройида бўлиб ўтган тадбирда икки мамлакатнинг таниқли маданият намояндалари, шунингдек, “Астана Опера” Давлат опера ва балет театри санъаткорлари, “Гулдер”, “Астана сази” ижодий гуруҳлари ва “Аркасири” (Қирғизистон) ижро этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 18-19 апрель кунлари расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлиши маълум қилинган эди. Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиевнинг маълум қилишича, Садир Жапаров ташриф давомида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан икки томонлама музокаралар ўтказади.
Томонлар ўзаро манфаатли барча соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, шунингдек, Қирғизистон-Қозоғистон муносабатларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади.