Қасим-Жомарт Тоқаев Конго билан ҳамкорликни ривожлантириш мумкин бўлган соҳаларни айтиб ўтди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Конго ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти жуда юқори. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Конго Республикаси Президенти Дени Сассу-Нгессо билан кенгайтирилган музокаралар чоғида маълум қилди.

“Сизнинг Қозоғистонга биринчи ташрифингиз икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига тўғри келди. Бу тантанали босқичдир. Чорак аср давомида биз ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган ҳамкорликни йўлга қўйдик. Келажакда бу ҳамкорликни мустаҳкамламоқчимиз. Бугунги музокаралар Қозоғистон ва Конго ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтаради ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради”, – деди ҚР Президенти.
Давлат раҳбари Қозоғистон Республикаси Конгони Африка қитъасидаги муҳим ҳамкори деб билишини таъкидлади.
“Икки давлат бир-биридан узоқда. Шунга қарамай, биз ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдормиз. Қозоғистон ва Конго ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти жуда юқори. Хусусан, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш ва сармоя, янги технологиялар ва коинотни ривожлантириш йўналишларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш мумкин. Бугун имзоланадиган ҳужжатлар икки давлат ҳамкорлигига янги суръат бағишлайди. Бунинг исботи сифатида Конгодаги элчимизни тайинлаймиз. Элчи икки давлат ўртасида сиёсий воситачи бўлади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.