Қасим-Жомарт Тоқаев ICAO кенгаши президентини қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ICAO кенгаши президенти Сальваторе Шаккитанони қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) раҳбари билан учрашувда авиация соҳасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари ICAO билан 30 йиллик самарали ҳамкорлик давомида Қозоғистоннинг Ташкилот стандартларига мувофиқлиги 82 фоизга етганини таъкидлади. Бу кўрсаткич ривожланган Европа мамлакатлари билан тенг.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, аэропортларни модернизация қилиш, ҳаво кемалари паркини кўпайтириш ва “очиқ осмон” режимини жорий этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар натижасида парвозлар географияси сезиларли даражада кенгайиб, халқаро рейслар сони кўпайди.
Ўз навбатида, ICAO Кенгаши президенти ҳаво транспорти хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида Қозоғистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Шу билан бирга, у мамлакатнинг фуқаро авиацияси соҳасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади.
Сальваторе Саккитано Қозоғистоннинг Ташкилот қошида доимий ваколатхонаси очилгани учун миннатдорлик билдириб, келгуси йили Астанага ташриф буюришни режалаштираётганини айтди.