Қасим-Жомарт Тоқаев Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан учрашди

Учрашувда Қозоғистон Президенти жорий йилнинг июн ойида Теҳронга қилган ташрифини мамнуният билан эслаб, эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича ҳукуматга тегишли топшириқлар берилганини таъкидлади.
Қозоғистон томони Эронга қисқа муддатда етказиб бериладиган товарлар рўйхатини ишлаб чиқди. Шунингдек, Қозоғистон томони Эрон томонидан бундай товарлар рўйхатини кўриб чиқиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш мақсадини амалга оширишга хизмат қилади.
Президент июн ойида Теҳронда икки давлат раҳбарлари томонидан асос солинган транспорт-транзит даҳлизи муваффақиятли ривожланаётганидан мамнун эканлигини билдирди.
Йиғилишда «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон» темир йўл тармоғи салоҳиятини ривожлантириш муҳимлиги, шунингдек, Каспий бўйи мамлакатлари портлари ўртасида транзит юк ташиш учун мунтазам паром қатнови имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев маданият соҳасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Қозоғистон Эроннинг икки давлат халқи учун муҳим тарихий шахслар бўйича қўшма тадқиқотлар ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Қозоғистон Президенти Эроннинг ШҲТга тўла ҳуқуқли аъзо бўлиш ниятини олқишлади ва Ислом Республикасининг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши минтақавий ҳамкорликни жонлантириш ва унинг фаолиятига янги суръат бағишлашига ишонч билдирди.
Ўз навбатида Эрон Президенти икки мамлакат савдо-иқтисодий жиҳатдан кўплаб имкониятларга эга эканлигини, шунингдек, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида эканликларини таъкидлади. Иброҳим Раисий эришилган келишувлар натижалари келгусида яқин ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Эрон билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдори эканини маълум қилди ва Иброҳим Раийсини Қозоғистонга таклиф қилди.
Фото: akorda.kz