Қасим-Жомарт Тоқаев Давлат қўриқлаш хизматининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этди

Давлат раҳбари ушбу тузилма миллий хавфсизлик тизимида муҳим ўрин тутишини, қўриқлаш хизмати ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юкланганини таъкидлади.
«Мамлакат раҳбариятининг хавфсизлигини таъминлаш, стратегик объектларни, қолаверса, хориждан ташриф буюрган ҳурматли меҳмонларни қўриқлаш осон иш эмас. Сиз бу вазифани муносиб адо этяпсиз. Шубҳасиз, бу 30 йилдан бери шаклланган яхши анъанадир. Бугунги кунда қўриқлаш хизматининг салоҳияти жуда катта. Жанговар техник ва операцион имкониятлар жуда кўп. Дарҳақиқат, Давлат қўриқлаш хизматини ҳақиқий ватанпарварлар жамоаси дейиш мумкин. Энг муҳим паллада сиз Ватанга фидокорона хизмат қиляпсиз», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Қасим-Жомарт Тоқаев Давлат қўриқлаш хизматининг ҳозирги геосиёсий вазиятда турли чақириқ ва таҳдидларга бардош бера олиши муҳимлигини таъкидлади.
«Кадрларнинг билим ва малакасини янада ошириш, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг бутун тизимини такомиллаштириш зарур. Давлат қўриқлаш хизмати махсус тузилма ҳисобланади. Шунинг учун унга қўйиладиган талаблар доимо юқори бўлади. Белгиланган вазифани тез ва сифатли бажарасиз деган умиддаман. Барчангизга бенуқсон хизматингиз учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман», - деди Қозоғистон Президенти.
Президент соҳа ходимларига муваффақиятлар тилади ва айримларини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Жумладан, I ва II даражали «Айбин» орденлари, «Жауынгерлік ерлшгі үшін» медаллари билан тақдирланиб, Президент ташаккурномалари эълон қилинди.
Тақдирлаш маросимидан кейин Қасим-Жомарт Тоыаев байрам концертини томоша қилди.