13:07, 24 Апрель 2023 | GMT +5
Қасим-Жомарт Тоқаев Чехия Республикаси Бош вазирини қабул қилди
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиалани қабул қилди, дея хабар беради Кazinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев Петр Фиаланинг мамлакатга илк расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
– Юртимизга катта бизнес делегациясини олиб келдингиз. Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари ва ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда фойдали бизнес форум бўлиб ўтади, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Чехия Республикаси Президенти лавозимига сайланган Петр Павелга ўз табрикларини йўллади.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, жумладан, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Президент чехиялик сармоядорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
– Биз Чехия Республикасидан энергетика, машинасозлик, транспорт, қишлоқ хўжалиги, молия, тиббиёт саноати ва фармацевтика каби иқтисодиётнинг турли тармоқларига киритилаётган сармояни олқишлаймиз. Мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйишимизга ҳам ишонамиз, - деди Давлат раҳбари.
Ўз навбатида Петр Фиала Чехия Қозоғистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятида эканлигини тасдиқлади.
– Чехия Қозоғистон билан азалдан дўстона муносабатлар ўрнатган ва биз буни давом эттиришимизга ишонамиз. Умид қиламанки, ушбу учрашув фаол муносабатларга янги туртки беради. Қозоғистон биз учун жуда муҳим ҳамкордир. Қозоғистон ва Чехия ўртасидаги ҳамкорлик Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг энг муҳим устунларидан бири ҳисобланади, - деди Чехия Бош вазири.
Шу билан бирга, учрашувда халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.