14:10, 17 Май 2025 | GMT +5
Истанбулдаги музокарада Россия Украинага бешта шарт қўйди
ASTANA. Kazinform – Истанбулда Украина билан ўтказилган музокарада Россия ўзининг асосий талабларини маълум қилди. Бу ҳақда Россия делегацияси вакили Владимир Мединский маълум қилди, деб хабар беради Clash Report.

Москва томонидан қўйилган асосий шартлар қуйидагилардан иборат:
- Украинанинг бетараф мақоми. Киев Австрия каби бетарафлик моделини қабул қилиши, ўз ҳудудига хорижий ҳарбийлар ва оммавий ҳалокат қуролларини жойлаштиришдан воз кечиши лозим.
- Репарациядан воз кечиш. Иккала томон тўқнашув вақтида етказилган зарарни қоплаш бўйича ўзаро даъволардан воз кечиш.
- Рус тилида сўзлашувчи аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Украина миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Европа стандартларини қабул қилиши ҳамда “миллатчилик тарғиботи” деб аталадиган ҳаракатларни тўхтатиши керак.
- Ҳудудий тан олиш. Киев Россиянинг қуйидаги беш ҳудуддаги суверенитетини тан олиши лозим: Донецк, Луганск, Херсон, Запорожье ва Қрим. Москва мазкур ҳудудий ўзгаришларни халқаро даражада тан олинишини ҳам талаб қилмоқда.
- Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш. Украина Россия ўз юрисдикцияси деб ҳисоблайдиган барча ҳудудлардан ўз қўшинларини чиқариши лозим.
Украина томони бу талабларга ҳозирча расмий жавоб бермаган.