Иссиқкўлда «Мейкин Азия» фестивали Гран-присини қозоғистонлик хонанда қўлга киритди

Айна Қалмағанбетовага фестивалнинг 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги бош мукофоти, диплом ва танловнинг махсус статуэткаси топширилди.
Биринчи ўринни Руслан Асанкан (Қирғизистон) ва Бегюм Текакпинар (Шимолий Кипр) қўлга киритишди. Иккинчи ўрин Сарвиноз Камалова (Ўзбекистон) ва Надо Талевска (Шимолий Македония), учинчи ўрин Адилхан Макин (Қозоғистон) ва Касиет Идрисова (Қирғизистон)га насиб этди. Туркиядан келган иштирокчи Жевҳер Аксойга фестивалнинг махсус мукофоти берилди.
Туркия, Шимолий Македония, Қозоғистон, Ўзбекистон, Германия, Россия ва бошқа мамлакатлар маданиятининг нуфузли вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати ёш иштирокчиларнинг истеъдод ва маҳоратини баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, Иссиқкўл соҳилида уч кун давомида ўтказилган «Мейкин Азия» III халқаро машҳур мусиқа фестивалида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Венгрия, Туркия, Шимолий Кипр, Босния ва Герцеговина, Россия, Болгария, Шимолий Македония, Словения ва Сербиядан ташриф буюрган 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш ижрочилар иштирок этди.
Муаллиф: Гулмира Абдрахманова