Исроил Ғазо секторидаги 320 та нишонга зарба берди

Исроил Ғазо секторидаги яна 320 нишонга зарба берганини маълум қилди. Фаластин ҳукумати, ўз навбатида, турар-жой бинолари “огоҳлантирилмасдан” зарба берилганини таъкидламоқда, деб хабар беради Каzinform агентлиги BBCга таяниб.

Ғазо сектори
Фото: BAKU.WS

Х (собиқ Тwitter) постида ЦАХАЛ ХАМАС инфратузилмасига, жумладан, туннеллар ва оператив штаб-квартираларга ҳужум қилганини маълум қилди. Шунингдек, у Ғазо секторидаги “маневр”га, яъни қуруқликдан босқинга тайёрланаётган Исроил қўшинларига “хавф қолдириши” мумкин бўлган позицияларга зарбалар берганини таъкидлади.

Исроил шимолидаги фаолияти ҳақида алоҳида ҳисоботда ЦАХАЛ кучлари Ливан чегарасида “Ҳизбуллоҳ”нинг тўртта ячейкасига зарба берганини айтди.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант нинг таъкидлашича, ХАМАСга қарши кампания "бир ой, икки ой, уч ой... давом этиши мумкин ва охирида ХАМАС йўқ бўлади".

Галлант ЦАХАЛни (Исроил мудофаа кучларини) ҳеч нарса тўхтата олмаслигини қўшимча қилди.

"Бу бизнинг Ғазо секторидаги сўнгги маневр операциямиз бўлиши керак, чунки бундан кейин ХАМАС бўлмайди", - деб ваъда берди у.

ЦАХАЛ қуруқликдаги операцияни қачон бошлашни режалаштираётгани номаълумлигича қолмоқда.

Айни пайтда Фаластин Ички ишлар вазирлиги ҳозиргина Исроилнинг Ғазо сектори шимолидаги иккита алоҳида зарбаси оқибатида 17 киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб кишилар яралангани ҳақида хабар берди.

Бугун эрталаб бири Жабалиядаги уйга, иккинчиси Ал-Фалуга ҳудудидаги квартирага бориб урилган, дейди расмийлар.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дайр ал-Балоҳда яна 10 киши ҳалок бўлган.

Якшанба куни Ғазо секторига яна 14 та ёрдам юк машинаси етиб келди, бироқ БМТ “кўпроқ” кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Нидерландия бош вазири Марк Рютте ва Франция президенти Эммануэл Макрон яқин икки кун ичида Исроилга ташриф буюриши кутилмоқда.

Сўнгги хабарлар