Исроил армияси Ливан жанубида 800 метрли Ҳизбуллоҳ бункерини топди
TEL AVIV. Kazinform – Исроил ҳарбийлари Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг “Радван” махсус кучлари штаб-квартираси жойлашган ҳамда Исроилга бостириб кириш учун тайёрланган қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва мотоцикллар сақланадиган 800 метр узунликдаги ер ости бункерини топди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
“Ливан жанубида аскарлар Ҳизбуллоҳ ташкилоти Радван кучларининг қўмондонлик маркази жойлашган 800 метрлик ер ости бункерини топдилар. Ер ости иншоотида ракеталар, миномётлар, мотоцикллар, ошхона билан узоқ муддатга мулжалланган турар жой, озиқ-овқат ва жиҳозлар топилган”, – дейилади хабарда.
Исроил ҳарбийларига кўра, бу “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга бостириб кириш режасининг бир қисми бўлган.
Исроил армияси матбуот котиби Даниел Ҳагарининг айтишича, "Ҳизбуллоҳ" махсус кучларининг қуролли радикаллари "бир-икки кун олдин" бункерда бўлган.
“Улар мотоцикллардан фойдаланиб, Кирят Шмона, Йифтаҳ (Исроил шимолидаги аҳоли пунктлари), Исроил ҳудудидаги қишлоқлар ва позицияларга кириб, қирғин қилишни режалаштирган”, – дея қўшимча қилди у.
Матбуот хизматининг таъкидлашича, “бункерга мақсадли рейд чоғида террорчиларга дуч келган”, улар Исроил ҳаво кучлари кўмагида йўқ қилинган.
“Қўшинлар ҳудудда операцияни давом эттирмоқда ва ер ости йўлини текширмоқда”, – дея қўшимча қилди ЦАХАЛ.