Искандер Айсариев Қозоғистоннинг Албания Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлди

ASTANA. Kazinform - Искандер Айсариев Қозоғистоннинг Албания Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Искандер  Айсариев
Фото: МИД РК

“Давлат раҳбарининг фармони билан Искандер Жусипули Айсариев Қозоғистон Республикасининг Албания Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига тайинланди”, — дейилади ҳужжатда.

Давлат раҳбарининг Фармони билан Қозоғистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Еркебулан Оналбекули Сапиев Қозоғистон Республикасининг Албания Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимидан озод этилди.

Искандер Жусипули Айсариев 1976 йил 28 мартда Алмати шаҳрида туғилган. 1998 йилда Абай номидаги Алмати давлат университетини, 2002 йилда Алмати узлуксиз таълим университетини тамомлаган.

Дипломатик фаолиятини 1999 йилда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги Марказий аппарати ва хориждаги муассасаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси етакчи мутахассиси сифатида бошлаган.

2001 йилда ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг Кадрлар ва назорат бошқармаси атташеси бўлиб ишлаган, кейинроқ ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг Давлат протокол хизматига ўтказилган.

2002-2004 йилларда ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ ишлари бўйича қўмитасининг Марказий Осиё ва Закавказье бўлимининг атташеси, учинчи ва иккинчи котиби лавозимларида ишлаган.

2004-2005 йилларда ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Африка мамлакатлари бўлими иккинчи котиби, 2005-2009 йилларда эса Туркманистондаги ҚР Элчихонасида учинчи ва иккинчи котиб лавозимларида ишлаган.

2009-2011 йилларда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги Давлат протокол хизмати маслаҳатчиси, сўнг бўлим бошлиғи, 2011-2013 йилларда - Украинадаги ҚР Элчихонаси маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

2013-2015 йилларда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги Давлат протокол хизмати бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2015 йилда ҚР ТИВ Давлат протокол хизмати раҳбари ўринбосари, сўнг 2019 йилда Давлат протокол хизмати раҳбари этиб тайинланган.

Қозоғистоннинг Албаниядаги элчиси этиб тайинлангунга қадар 2023 йил апрель ойидан ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг Махсус топшириқлар бўйича элчиси лавозимида ишлаган.

II даражали Фавқулодда ва Мухтор дипломатик унвонга эга.

Инглиз тилини пухта эгаллаган.

Сўнгги хабарлар