11:07, 03 Ноябрь 2022 | GMT +5
Интернет сифатини ошира олсак, Қозоғистон ривожланган 20 та давлат қаторига киради - вазир
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон телекоммуникация, жумладан оптик толали тармоқларда интернет сифатини ошириб, яқин 2 йилда бу йўналишда самарали лойиҳаларни амалга оширса, дунёнинг ривожланган 20 та давлати қаторига кириши мумкин.
Бу ҳақда бугун ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин ўзининг Facebook саҳифасида ёзди, деб хабар беради Kazinform.
«Кеча «Астана» халқаро молия марказида биз мамлакатда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Тадбирга БМТнинг рақамлаштириш бўйича масъул департаменти раҳбари жаноб Винченцо Акуаро келиб, мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишларга ўз баҳосини берди. Жорий йилда Қозоғистон БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида 28-ўринни эгаллади. Ва бу рейтингда биз «Онлайн хизматлар сифат индекси» бўйича 8-ўриндамиз! БМТ вакили Қозоғистон электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича етакчи давлатлардан бири эканини айтиб, мамлакатимиз рейтингда юқори балл олганини таъкидлади»
, — деб ёзади вазир.
Шу билан бирга, яқин 2 йилда бу йўналишда муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилса, телекоммуникация, яъни оптик толали тармоқлар соҳасида интернет сифати яхшиланса, дунёнинг ривожланган 20 та давлати қаторига кириш имкони борлигини айтди.
«Таъкидлашни истардимки, БМТ баҳоси электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси бўйича ўтказилган энг нуфузли рейтинг ҳисобланади. Унинг шаклланиши доирасида БМТ экспертлари электрон хизматлар ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Баҳолашдан сўнг мустақил экспертлар ўзлари қарор қабул қиладилар. Рейтинг доирасида БМТда иштирок этувчи 193 давлат баҳоланади»
, - дейди Бағдат Мусин.