Ички туризмни қўллаб-қувватлаш: Қозоғистонда тадбиркорларга етти йўналиш бўйича компенсация ва субсидия берилади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда ички ва келувчи туризмни ривожлантириш мақсадида бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг еттита механизми жорий этилган. Бу ҳақда ҚР Туризм ва спорт вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотига кўра, давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари туристик маҳсулотлар сифати ва инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлар харажатларини камайтиришга қаратилган.
Тоғ-чанғи курортлари учун техникалар ва жиҳозлар харидини субсидиялаш
Канатли йўллар, қор тозалаш техникаси ва сунъий қор яратиш ускуналарини харид қилиш учун сарфланган харажатларнинг 25 фоизи қайтариб берилади.
Йўл бўйидаги сервис объектларига кетган харажатларни қоплаш
Мотеллар, ёқилғи қуйиш шохобчалари, умумий овқатланиш жойлари, дорихоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталарини қуриш учун сарфланган харажатларнинг 10 фоизи давлат томонидан қопланади.
Туристик объектлар қурилиши ва модернизацияси учун субсидиялар
Саёҳатчиларга хизмат кўрсатиш учун янгидан қурилаётган ёки қайта таъмирланаётган объектлар учун харажатларнинг 10 фоизи субсидия қилинади.
Туристик автобуслар хариди учун компенсация
8 та ўриндан кўп сиғимга эга автобусларни харид қилиш харажатларининг 25 фоизи қоплаб берилади. Автобус камида 5 йил туристик мақсадда фойдаланилиши шарт.
Келувчи туризмни рағбатлантириш учун субсидия
Маҳаллий туроператорлар хорижлик туристларни Қозоғистонга жалб қилгани учун ҳар бир турист учун 15 000 тенге миқдорида субсидия олади. Бу учун турист мамлакатда камида 4 кун, 3 тун қолиши ва eQonaq тизимида рўйхатдан ўтиши керак.
Болалар учун ички авиа билетларни субсидиялаш
Ички туризмни ривожлантириш доирасида 18 ёшгача бўлган болалар Қозоғистон ҳудудида бепул учиш ҳуқуқига эга. Бу учун ота-оналар туроператор орқали ички тур харид қилиши лозим. Турпакет доирасидаги болалар учун авиабилетлар 100 фоиз субсидия қилинади.
Сантитария-гигиена шохобчаларини сақлаш учун субсидия
Туристик ҳудудлар ва йўллар бўйлаб жойлашган санитария-гигиена узелларини сақлаш учун ҳар ой 83 300 тенге миқдорида компенсация ажратилади.
Вазирлик маълумотига кўра, ушбу қўллаб-қувватлаш чоралари ички туристлар оқимини кўпайтириш, тадбиркорларни туристик маҳсулотларни ривожлантиришга ундаш ва хизматлар сифати ошишига ёрдам беради.