Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасига чет элликлар учун кириш нархи икки баравардан кўпроқ ошди
TÚRKІSTAN. Kazinform – 10 июндан бошлаб Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳудудига чет эл фуқаролари учун кириш билетлари нархи ўзгарди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
“Ҳазрат Султон” миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси маълумотига кўра, янги тарифлар Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан тасдиқланган нархнома асосида жорий этилган.
“2026 йил 10 июндан бошлаб Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳудудига, шунингдек Яссавий музейи ва Нодир экспонатлар залига кириш билетлари узоқ хориж фуқаролари учун 5000 тенге, яқин хориж (МДҲ) фуқаролари учун 2000 тенге этиб белгиланди”, — дейилади расмий хабарда.
Аввал хорижий фуқаролар учун билет нархи 2000 тенге, МДҲ давлатлари фуқаролари учун эса 1500 тенге эди.
Шу билан бирга, Қозоғистон фуқаролари учун билет нархлари ўзгаришсиз қолди. Жумладан, катталар учун кириш нархи 1000 тенге, талабалар ва пенсионерлар учун 500 тенге, мактаб ўқувчилари учун 300 тенге этиб белгиланган.
Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб бир қатор тоифалар учун бепул кириш имконияти ҳам мавжуд.
Улар орасида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда болаликдан ногиронлиги бор фуқаролар (бир нафар ҳамроҳи билан), Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, Афғонистон уруши ветеранлари, “Алтын алқа” ва “Күміс алқа” нишонлари билан тақдирланган кўп болали оналар, мактаб ўқувчилари гуруҳини кузатиб борувчи бир ўқитувчи, туристик гуруҳнинг бир гиди, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар бор.
Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари учун ёзги ва таътил даврларида мақбара ҳудудига кириш бепул бўлади.