Хитойга умумий ғалла экспорти 5,5 баробар ошди – ҚР Савдо вазири ўринбосари
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Италияга 1 миллион тонна буғдой етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев маълум қилди.
“Қозоғистоннинг 2024 йил учун ғалла ҳосили экспорти салоҳияти 12 миллион тоннани, шу жумладан буғдой 7-7,5 миллион тонна, арпа 1,3-1,4 миллион тонна, маккажўхори 300 минг тоннани ташкил этади. Бундан ташқари, мойли экинлар салоҳияти 1 миллион тоннадан ошади. Марказий Осиё ва Афғонистонга 4,2 миллион тонна буғдой етказиб берилиши кутилмоқда. Ўтган йили Хитойга умумий ғалла экспорти 1,43 миллион тоннани ташкил этди ва бу 2022 йилга нисбатан 5,5 баравар ошди. Шу жумладан, буғдой улуши 538,8 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 15 баробар кўпдир. Бу Хитойга экспорт ҳажмини 1,6 миллион тоннага етказиш имконини беради. Бироқ Хитой чегарасидаги кечикишлар ва лицензиялаш шартлари ҳали ҳал қилиниши керак”, — деди вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, жаҳон талабининг ортиши ва ҳосилдорликнинг пасайиши туфайли Италия, Латвия, Испания каби Европа Иттифоқи мамлакатлари муҳим бозор ҳисобланади. Қозоғистон учун Россия орқали буғдой транзити ва Транскаспий халқаро транспорт йўналишида таннархни пасайтириш долзарб аҳамиятга эга. Бу йўл орқали Туркия ва Яқин Шарқ мамлакатларига 1 миллион тоннага яқин буғдой экспорт қилиш мумкин.
“Эронга арпа етказиб беришни тиклаш муҳим, савдо ва логистика масалалари ҳал қилинмоқда. Покистон, Индонезия, Бразилия ва Малайзия бозорларида Қозоғистон буғдой брендининг тарғиботи янада кучайтирилади. Озиқ-овқат корпорацияси билан ҳамкорликда экспорт логистикаси ва нархлари бўйича мамлакат таклифлари ишлаб чиқилди. Мазкур таклифлар Қозоғистоннинг 14 та доимий ваколатхонасига юборилди ва улар устида фаол иш олиб борилмоқда. Арманистонга 600 минг тонна, Италияга 1 миллион тонна буғдой жўнатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Шимолий Африка мамлакатларига 200 минг тонна экспорт қилиш бўйича келишувлар тузилмоқда”, — деди Қайрат Тўребаев.