Хитой сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича янги қоидаларни жорий этди
ASTANA. Kazinform — Хитой Олий халқ суди «Сунъий интеллектга оид низоларни кўриб чиқиш бўйича фикр-мулоҳазалар» номли ҳужжатни эълон қилди. Ҳужжат суд амалиётини бирхиллаштириш ва сунъий интеллект соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантиришга қаратилган, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Пекиндаги мухбири.
Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси ўринбосари Тао Кайюань матбуот анжуманида мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши рақамли даврда технологик инновацияларни рағбатлантириш ҳамда қонунийлик, миллий хавфсизлик ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилганини таъкидлади.
Бешта бўлим ва 24 та моддадан иборат «Фикр-мулоҳазалар» Хитойнинг олий суд органи томонидан сунъий интеллект соҳасидаги суд ишларини кўриб чиқишга бағишланган илк махсус қоидалар тўплами бўлди.
Ҳужжатга мувофиқ, инсоннинг розилигисиз унинг виртуал қиёфасини яратиш, шахсини бошқа бировники билан алмаштириш, овозини ўзгартириш ва вафот этган шахсларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
Автоном транспорт воситалари ёки ҳайдовчига ёрдам бериш тизимлари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида, агар транспорт воситасининг конструкцияси ёки ишлаб чиқарилишида нуқсон аниқланса, жавобгарлик ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар зиммасига юкланади.
Судларга далилларни сохталаштириш мақсадида генератив сунъий интеллектдан фойдаланишга қатъий чеклов қўйиш вазифаси топширилди. Шунингдек, автопилот ёқилган пайтда ҳайдовчининг диққатини назорат қилиш тизимларини четлаб ўтиш ёки махсус «блокаторлар»дан фойдаланиш йўл-транспорт ҳодисасига олиб келган тақдирда, шунингдек, фирибгарлик ва компьютер тизимларига рухсатсиз кириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.