Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон юкларини етказиб бериш: поезд 5 кун ичида рекорд даражадаги 4486 км масофани босиб ўтди
ASTANA. Kazinform – Жорий йилнинг апрель ойида Хивада Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасида Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича юк ташишни ташкил этиш ва Трансафғон йўналишини ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар доирасида юкларни тез етказиб бериш хизмати ташкил этилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги.
“Контейнер поезди 5 кун ичида рекорд даражадаги 4486 км масофани босиб ўтди. Юк поезди Сиань портидаги Қозоғистон-Хитой терминалидан жўнатилган. Контейнерлар KTZE Khorgos Gateway қуруқ портида қайта юкланди ва ҚТЖ тармоғи бўйлаб Сариағаш чегара станциясигача, сўнгра охирги нуқта – Марказий Осиёдаги йирик транспорт узелига айланган Тошкент станциясигача давом этди, дея хабар беради «Қазақстан темір жолы» МК» матбуот хизмати.
Компания юк ташишнинг қисқа муддати Хитойда ҚТЖ терминали имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўл маъмуриятларининг икки давлат чегара инфратузилмасини кенгайтириш бўйича изчил ўзаро ҳамкорлиги туфайли таъминланаётганини таъкидлади. Технологик жараёнларни реконструкция қилиш ва такомиллаштириш ҳисобига Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги асосий юк оқими ўтадиган Сариағаш давлатлараро туташ станциясининг қуввати 50 фоизга оширилди.
Бундан ташқари, темир йўл компаниялари активларидан фойдаланган ҳолда йўналишнинг ривожланиши транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш ва икки давлат ўртасидаги шерикликни чуқурлаштиришга туртки беради.
2023 йилда мамлакатлар ўртасидаги юк ташиш ҳажми 31 миллион тоннадан ортиқни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 17,2 фоизга ўсди.