Хитой хорижий сайёҳлар учун tax free тизимни соддалаштиради
ASTANA. Kazinform – Хитой ҳукумати хорижий сайёҳлар учун tax free (мамлакатдан чиқишда ҚҚСни қайтариш) тизимини янада енгиллаштириш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар берди Lianhe Zaobao.
Мамлакатнинг Савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ бошқармаси томонидан биргаликда эълон қилинган янги ҳужжатга кўра, хорижий фуқаролар учун қайтарим расмийлаштириш жараёни қулай ва тезкор бўлади.
Янги қоидаларга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Хитойда «харид қилинган пайтда қайтариш» («即买即退») тизими бўйича расмийлаштирилган товарларни мамлакатдан олиб чиқиш муддати барча ҳудудларда ягона — 28 кун этиб белгиланади. Бундан аввал ҳар бир ҳудудда талаблар турлича бўлган эди.
Бундан ташқари, Хитой ҳукумати минтақалараро ўзаро тан олиш тизимини жорий этади. Бу хорижий сайёҳларга бир шаҳарда товарлар сотиб олиб, бошқа аэропорт ёки чегара пости орқали мамлакатдан чиқиб кетса ҳам, tax free процедурани бажариш имконини беради.
Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб tax free процедура тўлиқ рақамлаштирилади ва қоғозсиз форматга ўтказилади. Божхона органлари ва операторлар чеклар ва ҳужжатларни онлайн тасдиқлашлари мумкин бўлади.
Шу билан бирга, назорат чоралари сақланиб қолади. Агар қайтариладиган сумма 10 минг юандан кам бўлса, божхона товарларни танлаб текширади. Ва 10 минг юандан ортиқ бўлган барча товарлар мажбурий текширувдан ўтказилади.
Хитой расмийлари ушбу ўзгаришларнинг асосий мақсади - хорижий сайёҳларни мамлакатга ташриф буюришга ундаш эканлигини таъкидладилар. Сўнгги йилларда Пекин виза режимини юмшатиш, хорижий карталар ва тўлов тизимлари сонини кенгайтириш ва сайёҳлар истеъмолини кўпайтириш мақсадида солиқсиз процедураларни соддалаштириш бўйича бир қатор чораларни кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда хорижий сайёҳлар бир кунда битта дўконда камида 200 юань миқдорида харид қилсалар, tax free процедураларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, нақд пулни қайтариш лимити 20 минг юангача оширилди.
Аввалроқ Хитойнинг ташқи савдо айланмаси 2026 йил апрель ойида 14,2% га ўсгани ҳақида ёзган эдик.